“Девону луғот ут-турк” Мисрда нашр этилди
Наврўз байрами арафасида Мисрда Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғот ат-турк” асари нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Aйтиш жоизки, туркий халқлар учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган бу мумтоз асар дастлаб Қоҳира университети профессори, доктор Самия Муҳаммад Жалол Бадавий томонидан замонавий араб алифбоси ва тартибига мослаштирилган.
Aсарнинг қўлёзма вариантида туркий сўзлар бўғин ва ҳарфлар сонига қараб тизимлаштирилгани ёш тадқиқотчилар учун маълум қийинчиликлар туғдирди. Ушбу ноёб китобнинг янги тизимлаштирилган версияси Ўзбекистоннинг, шунингдек, туркий ва араб давлатларининг йирик университет ва кутубхоналарига тарқатилади.
Китоб муқоваси Маҳмуд Кошғарий чизган дунё харитаси билан безатилган.
Юртдошларимиз ушбу асар билан таржимада яқиндан танишишлари учун китоблар Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент давлат шарқшунослик университетига топширилади.
“Девону луғот ат-турк” Маҳмуд Кошғарийнинг туркий тилларга оид қомусий асари эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Унда 11-асрнинг 2-ярмида Ўрта Осиёда яшаган туркий қабила ва уруғлар, уларнинг ижтимоий аҳволи, тили, тарихи, шеърияти, мақоллари, урф-одатлари, минтақа географияси, метрология ва астрономия фанлари ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган.
Aсарда 8 мингдан ортиқ туркий сўзлар мавжуд бўлиб, тўғри талаффуз учун араб унлилари қўлланган.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.