“Arab News” газетаси: Ўзбекистон – ислом илм-фани ва маданияти бешиги
Саудия Арабистонида нашр этиладиган инглиз тилидаги кундалик “Arab News” газетасида “Ўзбекистонни кашф этинг: маданиятлар чорраҳаси” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Мақолада таъкидланишича, бой тарих ва маданиятга эга мамлакат – Ўзбекистон сайёҳлар учун, айниқса, маданий илдизларга эга янги йўналишларни излаётганлар учун ўз эшикларини очмоқда,. Саудия Арабистони фуқаролари учун визасиз режим жорий этилгани бу Марказий Осиё дурдонасига саёҳатни янада жозибадор қилади.
“Бу мамлакат – ислом илм-фани ва маданияти бешиги бўлиб, дунёга Имом ал-Бухорий ва ал-Хоразмий каби буюк олимларни етиштириб чиқарган. Самарқанд каби қадимий шаҳарлар, улуғ Ипак йўлидаги муҳим марказлардан бири сифатида, форс, юнон, араб ва мўғул таъсирларининг ажойиб уйғунлигини намоён этади. Бу юртдаги ЮНЕСКО рўйхатига киритилган меъморий дурдоналар ўз гўзаллиги билан кишини ҳайратга солади”, – дейилади мақолада.
Унда таъкидланишича, Ўзбекистонда замонавий Тошкентдан тортиб, тарихий Хивагача, жумладан, ҳанузгача яхши сақланган “Ичан-Қалъа” шаҳар-қалъасигача бўлган жойларни ўрганиш мумкин. “Сайёҳлар авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъанавий ҳунармандчилик – керамика ва ипак тўқувчилиги билан машҳур Фарғона водийсини тадқиқ қилишлари мумкин”, – деб ёзади муаллиф.
Газетада, шунингдек, Марказий Осиёнинг ўзига хос анъаналарга эга ўзбек ошхонаси ҳақиқий таом ишқибозлари учун катта кашфиёт бўлиши таъкидланган.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат – иқтисодий ва қулай саёҳат бўлиб, ривожланган темир йўл тармоғи орқали амалга оширилади. Ҳамдард ва меҳмондўст маҳаллий аҳоли ҳамда осон мулоқот қилиш имконияти дам олишингизни унутилмас таассуротларга бой қилади. Ўзбекистон ўз меҳмонларини кутмоқда ва бой хазиналарини баҳам кўришга тайёр”, – деб хулоса қилади “Arab News” газетаси.
Илёс АҲМЕДОВ тайёрлади.