Умр шамол каби тез ўтар…
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кўп инсонлар улардан бебаҳра бўлган икки неъмат бор: соғлик ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).
Аёллар асосий вақтини уй юмушларини бажариш, тўгаракка борган фарзандини кутиш ёки беҳуда суҳбатлар билан ўтказади. Масалан, турли сериаллар, кўрсатувлар ва мусиқалар баъзан зарур вақтни ҳам ўғирлаб қўяди. Бугун фарзандларига тансиқ таом пиширишни режа қилган аёл телефонда сериал томоша қилишга берилиб кетиб, кеч бўлиб қолганини билмай қолади. Ёки бўлмаса, уй бекаларини кулгига олган бир видеода аёл дугонаси билан соатлаб гаплашади, уй юмушлари қолиб кетади. Ишдан чарчаб келган эрнинг олдига ўзини бетобликка солиб чиқади. Бу аслида ҳақиқат бўлиб қолмоқда. Телефон, телевизор сабаб вақтини қандай қилиб ўтказиб қўйганини билмай қолган аёллар ёлғон гапиради ёки боласига қараганини айтиб баҳона қилишади. Бир жойда ўтириш ортиқча вазнга, соатлаб экранга тикилиш кўз касалликларига сабаб бўляпти. Рўзғорнинг орасталиги, фарзандлар тарбияси аёлга боғлиқ. Оила учун аёл ҳар куни ривожланиши, тез-тез мутолаа қилиши керак. Бу ишлар зиммасида бўлган муслималар замонавий технологиялар сабаб вақтини зое қилиб қўймоқда. Вақтни самарали қилиш учун телефонда бирор оятни тинглаб, ёдлаш мумкин. Ёки турли зикрларни ўзида жамлаган электрон дастурлар талайгина. Масалан, “Zikr va duolar” дастури. Бу дастур Имом Нававийнинг “Ал-азкор” китоби асосида тайёрланган бўлиб, унда матнли, аудио шаклда маълумотлар берилади. Ёки ижтимоий тармоқларда “Hidoyat. uz”, “Mo’minalar.uz” каби каналларни ҳам кузатиб, ҳар куни фойдали маълумотлар оласиз. Шунингдек, диний илмингизни бойитиб бориш учун “Zikr ahlidan so‘rang” дастури айни муддао.
Бугунги кунда оммалашган ва болалар учун мўлжалланган “Olim bola” дастури ҳам фарзандингиз илмли бўлиши учун тавсия этилади. Унда бола ҳам ўйнайди, ҳам илм олади. Мутолаа, тил ўрганиш ҳозирги кунда муаммо бўлмай қолди. Бунинг учун тўгаракка бориш ёки оғир китобларни кўтариб юриш шарт эмас. Ёшлар ишлар агентлиги томонидан тақдим этилаётган “Ibrat farzandlari” дастури орқали ўнга яқин хорижий тилларни исталган вақтда ва шароитда ўрганишингиз мумкин. Дастурда тил мутахассислари видео тарзида дарс ўтади, шундан сўнг дарсни матн шаклидаги тестини ечиш орқали қандай ўзлаштирганингизни билиб оласиз. Бу дастурни ўрнатиш ва фойдаланиш учун интернетингиз бўлса, кифоя. Борган сари китоб жавони бойиб бораётган илмли ва интилувчан ёшлар орасида оммалашган “Mutolaa” дастури ҳам манфаатли. Унда ўзбек ва жаҳон адабиёти, диний адабиётлар, турли фойдали маълумотларни топишингиз мумкин. Болажонлар учун эртак китоблар ва маҳоратли сухандонлар томонидан аудиокитоблар ҳам тақдим этилган.
Уламолардан бири айтади: “Инсоннинг вақти бу – аслида унинг умридир. Вақт булутдек ўтиб кетади. Кимнинг вақти Аллоҳ учун ва Аллоҳ билан бўлса, бас, вақт у кишининг ҳаёти ҳамда умридир. Бундан бошқалари эса инсоннинг ҳаётидан ҳисобланмайди. Инсон ўз замони ва вақтининг қадрини билиши, бирор лаҳзасини ҳам беҳуда ўтказмаслиги, шу вақтда энг афзал сўзу амалларни бажармоғи лозим. Унинг нияти мудом яхшиликда қоим бўлиши ва бажариладиган амалларда сусткашлик қилмаслиги керак”.
Ҳолбуки, одамлар беҳуда нарсаларга ўрганиб қолмоқда. Унутманг, вақтингиз – умрингиздир. Уни қандай ўтказганингиз ҳақида сўраласиз.
Камола АДАШБОЕВА
“Мўминалар” журнали, 7-сон, 2024 йил