Моҳир Қуръон устози ва 30 йиллик тажриба соҳиби шайх Ал-Башир
Шайх Ал-Башир – Жазоирнинг “Тижония” жоме масжидида хизмат қиладиган Қуръон муаллимларидан бири бўлиб, у анъанавий машқлар ва ёзма усул орқали Қуръон каримни тўлиқ ёдлашга ўз шогирдларида муҳаббат уйғотишга муваффақ бўлган.
“IQNA” сайтининг “An-Nasr” манбасига таяниб хабар қилишича, Жазоирнинг ал-Вадий вилоятидаги Қуръон мактабларидаги устозлар ҳанузгача Қуръон ёдлашни анъанавий усулда ўргатишда давом этмоқдал. Бу айниқса ёш болалар ва кўриш қобилияти заиф ёки ўқиш ва тушуниш имконияти чекланган кексалар билан ишлаётганда алоҳида самара беради.
Шайх Ал-Башир Атилий, ал-Вадий вилоятининг ал-Бияда шаҳрида жойлашган “Тижония” жоме масжиди тасарруфидаги Қуръон ёдлатиш мактабида хизмат қиладиган устозлардан бири бўлиб, у 30 йилдан буён шу анъанавий усулга таянади. У турли авлод шогирдларини Қуръонга муҳаббат билан боғлашга эришган. Унинг асосий услуби – ёзма ва анъанавий машқлар бўлиб, буни у тахтада баъзан камед моддаси ва най поясидан тайёрланган қалам ёки оддий ручка билан.амалга оширади
Бу Қуръон устози таъкидлайдики, унинг Қуръон таълимига бўлган муҳаббати болалик чоғларидан отаси орқали бошланган. Отаси шайх ал-Башир Атилийни Қуръон каримнинг пухта билимдони бўлиши учун ҳаракат қилган. 1980 йиллар охирида отаси уни анъанавий таълим усулига амал қиладиган Қуръон мактабига бермоқчи бўлган. У ерда ўқитиш воситалари – фақатгина ёғоч тахта ва камед қалам эди. Ёдлаш эса устознинг оғзаки диктанти орқали амалга оширилар эди.
Шу тариқа, шогирдлар “Сидий Ал-Башир” деб атаган шайх ал-Башир ёшлигида Қуръон каримнинг барча жузларини ёдлаб чиққан. Орадан бир неча йил ўтиб, хусусан, 1994 йилда, у “Тижония” жоме масжидидаги “Ҳожи бинн Салим” Қуръон марказига ўқитувчи сифатида қўшилди. Ҳозирда у ўша ерда хизмат қилмоқда ва тахминан 250 нафар ўғил ва қиз болалардан иборат шогирдларга раҳбарлик қилмоқда.
И.Аҳмедов тайёрлади.