Мусулмонлар дунёдаги энг тез ўсаётган аҳолига эга – Pew Research Center
AҚШда жойлашган “Pew Research Center” ташкилоти ҳисоботига кўра, мусулмонлар дунёдаги энг тез ўсаётган диний жамоа бўлиб, 2010 йилдан 2020 йилгача 347 миллион кишига кўпайган.
Ташкилот 201 мамлакатда 10 йилдан ортиқ (2010 йилдан 2020 йилгача) ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш, расмий маълумотлар ва ижтимоий сўровномаларни ўз ичига олган 2700 манбадан олинган маълумотларга таянган ҳолда ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда иштирокчиларнинг диний мансублик ҳақидаги саволларига берган жавоблари ҳам инобатга олинди, деб ёзади, “IslamNews”.
Ҳисоботга кўра, мусулмонлар сони 347 миллионга ошган, бу барча динлар орасида энг тез ўсишдир. Бунинг асосий сабаби исломий жамиятларда аҳолининг табиий ўсиши экани айтилмоқда.
Таққослаш учун, насроний динидагилар сони 122 миллионга ошган, бироқ уларнинг дунё аҳолисидаги улуши камайган. Ҳисоботда айтилишича, насронийлар улушининг 1,8 фоизга камайиши динга эътиқод қилмайдиганлар сонининг кўпайиши ва баъзи насронийларнинг ўз эътиқодларидан воз кечиши билан боғлиқ.
Шундай қилиб, мусулмонларнинг дунё аҳолисидаги улуши 2010йилдаги 23,9 фоиздан 2020 йилда 25,6 фоизга ошган, насронийларнинг улуши эса худди шу даврда 30,6 фоиздан 28,8 фоизга қисқарган.
Ҳисоботда, шунингдек, мусулмонлар асосан Осиё, Тинч океани, Яқин Шарқ ва Шимолий Aфрика минтақаларида тўплангани таъкидланган. Шу билан бирга, Шимолий Aмерикада мусулмонлар сони 52,3 фоизга, Саҳрои Кабирдан Жанубий Aфрикада 33,8 фоизга, Яқин Шарқ ва Шимолий Aфрикада 23,9 фоизга ошган.
Шу билан бирга, Шимолий Aмерикада христианлар сони 10,8 фоизга, Европада эса 8,8 фоизга камайган бўлса, Саҳрои Кабирдан Жанубий Aфрикада 31,2 фоизга ошган.
Шунингдек, ҳеч қандай динга мансуб бўлмаганлар аҳолининг 24,2 фоизини ташкил этиб, насронийлар ва мусулмонлардан кейин учинчи ўринда туриши хабар қилинган.
2017 йилги “Pew Research Center” ташкилоти тадқиқотида, шунингдек, ислом дунёдаги энг тез ривожланаётган дин экани ва 2075 йилга келиб ислом адади бўйича дунёдаги энг буюк динга айланиши мумкинлигини башорат қилган.
Интернет манбалари асосида Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.