“KBS”: Ўзбекистон – Буюк Ипак йўлининг ҳақиқий юраги
Жанубий Кореянинг етакчи “KBS” телеканали Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган махсус кўрсатувини намойиш этди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Кўп томошабинларни тўплаган “Ўзбекистонда саёҳат: Буюк ипак йўлининг юраги” телекўрсатуви томошабинларни Ўзбекистоннинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, бой тарихи, ўзига хос маданий анъаналари ва ЮНEСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган мамлакат шаҳарларининг сайёҳлик салоҳияти ҳақида кенг маълумот берувчи илҳомлантирувчи саёҳатга чорлайди.
“Ўзбекистон – бу буюк йўлнинг чин қалби бўлиб, унда табиатнинг нозик ва ҳайратланарли гўзаллиги бой тарихий мерос билан уйғунлиги муҳташам симфония сифатида намоён бўлади”, – дейилади хабарда.
Дастур нафақат савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, балки авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бебаҳо санъат, ҳикмат ва анъаналарни ўрганишга ҳам қаратилган. Марказий Осиёнинг буюк империялари шоир ва созандаларининг бадиий асарлари, миллий таомлари ва ҳунармандчилиги намуналари бу тарихни бардавом сақлаб келаётгани таъкидланади. Чексиз табиий ландшафтлар саёҳатчиларга чексиз илҳом ва эркинлик ҳисси беради.
И.Аҳмедов тайёрлади.