Бангкок Ислом маркази раҳбари: Таиландда 6 миллион мусулмон бор
Таиланд пойтахтидаги Ислом маркази раҳбари Ватчарапол Комонтамайти мамлакатдаги мусулмонлар сони қарийб 6 миллион кишини ташкил этишини, уларнинг аксарияти жанубда истиқомат қилишини, пойтахтда эса ярим миллионга яқин киши истиқомат қилаётганини айтди, деб ёзади, “IslamNews” нашри.
Бангкокдаги марказ биносида “ал-Жазира” телеканалига берган интервьюсида жаноб Ватчарапол Комонтамайти ўзини таништириб, сиёсатшуносликни ўқиганини ва айни пайтда Таиланд-Покистон дўстлик жамияти раиси эканлигини таъкидлади.
Ватчараполга кўра, марказ 1956 йилда ташкил этилган бўлиб, камбағалларга ёрдам бериш ва Таиланддаги мусулмон талабаларга стипендиялар тақдим этиш каби хизматларни кўрсатади.
– Ислом марказига раҳбарликни қачондан бошлагансиз?
– Мен бу лавозимга 2023 йил ноябрь ойида марказнинг ишлар қўмитаси томонидан сайланганимдан сўнг келганман.
– Марказ қачон ташкил этилган ва унинг мақсади нима?
– Таиланд Ислом маркази расман 1956 йилда ташкил этилган. Унинг мақсади исломий билимларни тарқатишдир. Унда ҳар куни ва жума намозлари ўқиладиган катта масжид бор. Марказ, шунингдек, динлараро мулоқотни тарғиб қилади ва Таиланддаги мусулмонларнинг таълим ва фаровонлигини қўллаб-қувватлайди.
– Марказ Таиланддаги мусулмонларга қандай асосий хизматлар кўрсатади?
– Жума намози ва ислом байрамларини нишонлаш каби диний хизматлар. Марказ шунингдек:
– Маҳаллий исломий ташкилотлар ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлайди.
– Фақир ва мискинларга закот тарқатади.
– Талабаларга стипендия ажратади (ҳар йили тахминан 1500-2000 талаба улардан фойдаланади).
– Таиланд ва хориждаги мусулмонлар ҳақидаги янгиликларни тарқатади.
– Мусулмонлар ва буддистлар камбағалларга ва табиий офатлардан жабр кўрганларга ёрдам.
– Таиландда ва хусусан Бангкокда мусулмонлар сонининг расмий ҳисоби борми?
– Таиландда 6 миллионга яқин мусулмонлар бор, бу аҳолининг 10 фоизини ташкил қилади. Пойтахтда ярим миллионга яқин мусулмон истиқомат қилади.
– Таиландда нечта масжид, исломий уюшмалар ва мактаблар бор? Ва марказ уларни назорат қиладими?
– Таиландда 4000 га яқин масжидлар бор, уларнинг аксарияти мамлакат жанубида, 200 га яқини Бангкокда жойлашган.
700 га яқин ислом уюшмалари ва мактаблари бор, улардан 100 га яқини Бангкокда. Марказ уларни назорат қилмайди, чунки улар мустақил муассасалардир.
– Ислом маркази фаолиятини назорат қилувчи орган борми?
– Йўқ, марказ хусусий ташкилот.
– Марказнинг Таиланд ҳукумати билан алоқаси қандай?
– Турли давлат идоралари билан ҳамкорлик қиламиз. Илгари мазкур марказ Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Рамазон ойида ифторликлар уюштириб, унда парламент спикери ва мусулмон вазирлари иштирок этган. Шунингдек, Миср, Саудия Aрабистони, Малайзия, Эрон каби бошқа давлатлардаги диний муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.
– Марказ қандай молиялаштирилади? Пул етарлими? Хайриялар қабул қилинадими?
– Aсосий маблағ марказга қарашли биноларни ижарага бериш ҳисобидан амалга оширилади. Хайриялар ҳам олинади. Барча даромад камбағалларга ёрдам бериш ва мусулмон талабалар учун стипендиялар билан таъминлаш учун сарфланади.
– Марказ мажмуаси ичида кичик бозорни кўрдик…
– Мусулмонларнинг жума йиғинлари намоз билан чекланиб қолмай, бу ерда мулоқот қилиш, учрашувлар ўтказиш, ризқларини баҳам кўриш имконига эга бўлади.
И.Аҳмедов тайёрлади.