Оқибат йўқолмасин!
Ука ишга шошаётганди. Хонасидан чиққанида онаси ва фарзанди ўтирганини кўрди. “Онажон, ассалому алайкум, яхши дам олдингизми?” деди. Онаси: “Ва алайкум ассалом, болам, яхши дам олдингми?” деб жавоб қайтарди. Она боласининг шошаётганини кўриб, “Болам, акангга нарсалар тайёрлаб қўйгандим, шуларни обориб бер, анчадан бери ундан хабар олмадинг”, деди. Ука “Онажон, ишга шошаётгандим яндекс қилиб чиқарвора қолинг”, деди-ю, онасининг жавобини ҳам кутмасдан кўчага отилиб чиқиб кетти. Мошинида маҳалладан чиқаётганида қўшнисини кўриб қолди ва тўхтаб кўришди. Қўшнисидан қаерга кетаётганини сўради. Қўшниси акасини кўргани бораётганини айтди. Суҳбат орасида қўшниси укага қараб, “Анчадан бери акангиз кўринмаяпти, яхши юрибдими?” деб сўради. Ука: “Ҳа, яхши?” деб жавоб қилди. Қўшниси қабристон олдида тушиб қолишини айтди. Унинг акаси оламдан ўтган эди. Бу ҳолатни кўрган ука дарҳол дўкондан нарсалар харид қилиб акасининг уйи томон йўл олди. Бетоқатлик билан эшикни очиб акасининг уйига кирди. Қараса, акаси ҳовлида куймаланиб юрган экан. Ука акасига салом бериб қўлидаги нарсаларни қўйди. Ака укасини кўриб саломлашиш учун қўлини узатди. Ука акасини бағрига босиб қаттиқ қучоқлади.
Бу дунёда ака-ука опа-сингилдан азиз инсон йўқ. Шундай экан, уларни борида қадрлайлик. Оқибат йўқолмасин. Ҳозир ҳамма телефон орқали ҳол- аҳвол сўрашмоқда, бора-бора уйга бориш-келишлар йўқолиб бормоқда. Энди эса қўнғироқ қилишга ҳам эриниб смс ёки стикер жўнатиб қўйишни одат қилдик. Ҳамма неъмат вақтинчалигини унутмайлик. Имконият топилди дегунча ака-ука опа-сингилларимиздан хабар олайлик. Яқинларимизни ҳаётлигида қадрлайлик!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ