Янгиликлар

Мирзиёев ва Эрдўған Рамазони шариф билан бир-бирларини табрикладилар

Чоп этилди May 17, 2019 Мирзиёев ва Эрдўған Рамазони шариф билан бир-бирларини табрикладиларda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат чоғида ҳар икки давлат раҳбарлари кириб келган муборак Рамазони шариф муносабати билан бир-бирларига қизғин табрикларини изҳор этиб, эзгу тилакларини билдирдилар.

Президентлар дўстлик, қардошлик ҳамда стратегик шерикликка асосланган ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар йўналишларда тобора жадаллашиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Томонлар олий даражадаги ўзбек-турк стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, учрашувлар жадвали кўриб чиқилди.

Дўстона руҳда кечган мулоқот чоғида давлатлар раҳбарлари ҳар икки халққа фаровонлик, тинчлик-осойишталик ва бардавом юксалиш тиладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати