БАҒРИКЕНГЛИК — ИНСОНИЙ ҚАДРИЯТ МЕЗОНИ
16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан “Бағрикенглик ҳафталиги” тадбирлари ўтказилмоқда
Бағрикенглик – халқимизга хос азалий фазилат. У бошқа миллат ва дин вакилларига нисбатан ҳурмат, хайрихоҳлик ва мурувват билан муносабатда бўлиш, инсоннинг эътиқоди, тили ёки ирқига қарамасдан, энг аввало, уни инсоний қадр-қиммат билан эъзозлаш маданиятидир.
БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади. Бу сана Ўзбекистонда ҳам яхши анъанага айланган.
Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган юртимиз азалдан турли миллат, элат ва дин вакилларининг тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитида ҳаёт кечирган маскан сифатида тан олинган. Ҳозирги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида яшаб келмоқда.
Бугун юртимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” тадбирларига старт берилди. Ушбу ҳафталик доирасида миллатлараро ва динлараро дўстлик, аҳиллик ва бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган турли маънавий-маърифий чора-тадбирлар ўтказилмоқда.
Ҳафталикнинг дастлабки тадбири мамлакатимиз Президенти ғояси асосида она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш халқимиз шарафига бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйиш маросимидан бошланди. Мазкур монумент давлат озодлиги ва барқарорлиги рамзи бўлиб, унда Ўзбекистон халқининг кўп асрлик давлатчилик тарихи, буюк аллома ва жаҳонгир боболар сиймолари акс этган. Монументнинг энг юқори қисмида Ҳумо қуши тасвирланган.
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раҳбарияти ва ходимлари, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаоллари, диний конфессия вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этган “Бағрикенглик марши”дан сўнг монумент пойига гуллар қўйилди.
Шундан кейин “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида турли миллат ва дин вакиллари иштирокида “Янги Ўзбекистон” боғида дарахт кўчатлари экиш маросими ўтказилди. Унда иштирокчилар яхши ният билан чинор кўчатларини экишди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 10–15 ноябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги нуфузли санъат саройлари, театрлар, концерт заллари, томоша майдонлари, хиёбонлар ва боғларда турли маданий-маърифий ҳамда илмий-амалий байрамона тадбирлар ташкил этилмоқда.
“Бағрикенглик ҳафталиги” — дунё аҳлини тотувлик ва ҳамжиҳатлик ҳақида жиддий ўйлашга чорловчи ташаббусдир.