УЛАР БОШИМИЗНИНГ ТОЖИДИР
(Учинчи мақола)
Саҳобаи киромни мадҳ этиш, уларга раҳмат ва мағфират тилаш, ҳурмат билан тилга олиш, муҳаббатли бўлиш – вожиб (Имом Қуртубий, ал-Жомеъил Аҳкомил-Қуръон).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай таълим берган: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр, 10).
Имом Таҳовий “Ақидатул-Таҳовиййа” рисоласида саҳобага муҳаббат туйишни аҳли суннат эътиқодининг асосларидан сифатида таъкидлаган.
Уламолар якдил бўлган масалалардан бири шуки, саҳобалар ҳақида ноўрин гапириш (сабб, таън) диний жиҳатдан ҳаром ва катта гуноҳ (Ибн Ҳожар Асқалоний, Фатхул Борий би шарҳи Саҳиҳ ул-Бухорий).
Абу Саид ал-Худрий розиялоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг бундай деганларини ривоят қилган: “Асҳобимга тил теккизманг (сабб). Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, Сиздан бирингиз Уҳуд тоғи қадар олтин эҳсон қилса ҳам уларнинг бири (эҳсон қилган) бир ҳовуч буғдой, ҳатто унинг ярмининг савобига ҳам эриша олмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган).
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Асҳобим ҳақида Аллоҳдан қўрқинг! Мендан кейин уларни нишонга айлантирманг. Ким уларни севган бўлса, менга бўлган муҳаббати туфайли севгандир. Ким улардан нафратланса, менга бўлган нафрати сабабли нафратлангандир. Ким уларга азият берган бўлса, менга азият берибди. Кимки менга азият берса, Аллоҳ уни олиб кетиши яқиндир” (Имом Темизий, Имом Аҳмаб ривоят қилишган), деганларини ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган: “Асҳобим масаласида тилингизни эҳтиёт қилинг…” (Имом Taбароний ривояти).
Ойша онамиз розияллоҳ анҳо Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Асҳобимга тил теккизманг (сабб)! Асҳобимга тил теккизганни Аллоҳ лаънатласин” (Имом Taбароний ривояти), деганларини ривоят қилган.
Ойша онамиз розияллоҳу анҳо яна: “Инсонлар Аллоҳ Расулининг асҳоблари учун истиғфор айтишга буюрилди. Аммо улар (буткул аксини қилиб) улар ҳақида бўлмағур гапларни (сабб) гапирмоқдалар” (Имом Ҳоким ривояти), деган
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобига тил теккизманг! Аллоҳга қасамки, уларнинг Пайғамбар (алайҳиссалом) ёнида бир лаҳза бўлгани сизнинг қирқ йиллик амалларингиздан афзалдир” (Имом Аҳмад ривояти), деб огоҳлантирган.
Ҳадиси шарифлардан, улуғларимизнинг ҳикматларидан аён бўлмоқдаки, саҳобалар масаласида эҳтиёткор бўлиш, уларнинг порлоқ хотираларига ҳурмат бажо келтириш – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимотларига амал қилиш, у зотнинг сафдошлари бўлган муборак сиймоларнинг хотирасини эъзозлашдир. Бу эса ҳаммадан кўра бизнинг ўзимизга манфаатли бўлади, иншоаллоҳ.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
http://hidoyatuz.taplink.ws