Муҳаммад Хоразмийнинг ақидавий қарашлари
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий Мажусий Қатраббулий (783–850) – турон замин илм-фани тарихидаги илк қомусий олимлардан. Бизгача 29 асари сақланиб қолган. Бу асарлар, асосан, аниқ ва табиий фанларга оид бўлса-да, аммо уларда ижтимоий фанлар соҳасига доир хийла қизиқарли маьлумотлар ҳам учрайди. Хусусан, Хоразмийнинг ақида масаласидаги қарашлари диққатга сазовор.
Хоразмий осмон жисмларини, умуман, коинотни жиддий ўргангани сабабли аввало мусулмонларнинг улар тўғрисидаги ақидаси қандай бўлиши хусусида тўхталган. У фалак, яъни коинотнинг бошқарилувчи, яратилган нарса (мудаббар махлуқ) эканини таъкидлаган. Бу қараш билан осмон-коинот, ундаги юлдузу сайёралар азалдан бор, деб фикрловчи материалистларга зид тарзда Хоразмий тўғри эътиқодда бўлгани англашилади. Коинотдаги жисмлар: юлдузлар, сайёралар ва бошқа нарсалар аниқ белгиланган низомга асосан ҳаракатланади. Улар на бир-биридан ўзиб кетади, на орқада қолади. Уларнинг ўзида ҳеч қандай ихтиёр ва ўзбошимчалик йўқ. Улар истаганча ҳаракат қилолмайди, хоҳлаган тарафларига кетолмайди. Чунки уларни яратган Аллоҳ таоло бошқаради, Ўз низомида ҳаракатлантиради. Бу жисмлар мисолида улуғ бобомиз махлуқнинг хусусиятлари ҳеч қачон ўзининг Холиқига ўхшамаслигини таъкидлаган, яъни Аллоҳ таолога ҳеч нима тенглашолмайди, бенгзамайди.
Хоразмий яшаган замонда осмон жисмларига сиғинувчилар, шунингдек, кўпхудоликка эътиқод қилувчилар кўп бўлган. Улуғ бобомиз уларга аниқ, ақлга тўғри келадиган далиллар билан раддия берган:
Борди-ю, даҳрийлар ишонганидек, фалак ва юлдузлар бирор ишни мустақил бажара олганда, нарсаларни ярата билганда, бир-бирига зид ишлар, ҳаракатлар содир бўларди; бир кун бир соат миқдорича, йил эса бир кун миқдорича бўлиб қолиши мумкин бўларди; соатлар, кунлар, ойлар, йиллар чалкашиб кетарди, уларнинг ҳаракатларини, ўзгариш хусусиятларини билиб бўлмасди; биз билган юлдузлар кетиб, биз билмайдиган юлдузлар келарди, бошгача шакл ва рангдаги юлдузлар кунботишдан чиқарди; турли шакл ва кўринишдаги қуёш ва ойлар пайдо бўларди. Хуллас, коинот фасодга юз тутарди.
Мавжудотларнинг Холиқи Аллоҳ таолонинг ишлари уларга тескаридир. Масалан, ўлим ҳам бор, ҳаёт ҳам бор, камбағаллик ҳам бор, бойлик ҳам бор. Баъзи жониворлар икки оёқда, баъзилар тўрт оёқда, баъзилар эса оёқсиз қорин билан ҳаракатланади. Ўсимликларнинг меваси, шохи, барглари ҳам турлича. Таъмлар ҳам бир-бирига ўхшамайди. Аллоҳнинг ишлари, яъни яратиқлари турлича, лекин улар шу қарама-қаршиликлар сабабдан фасодга учрамайди. Чунки уларни Унинг ўзигина бошқаради. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади ва кўриб туради. Хоразмий бу фикрлардан сўнг Раббимиз уларни қандай, қачонгача ва қанча миқдорда яратишини, амалга оширишини биз билмаслигимизни айтиб ўтади. Тўрт унсур: олов, ҳаво, сув, тупроқда муайян табиатлар бор бўлиб, бу хусусиятларни Буюк Яратувчи уларга жойлаган.
Хоразмий ўсимликларнинг униб чиқишини маълум маънода тушунтирса ҳам, бу жараённи инсон тўлиқ тавсифлаб беролмаслигини англаган. Чунки ўсимликларни ундириб чиқариш Азиз Ҳаким Аллоҳнинг иши эканини ўз асарида таъкидлаган. Бу униш муайян меъёрлар асосида амалга ошади. Аллоҳ таоло ҳар бир ўсимлик учун наслни яратган, ўсимликлар шу наслига мувофиқ яшайди. Шунга кўра, баъзи ўсимликлар қишда барг тўкиб, баҳорда яна яшилликка бурканади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Хоразмий аниқ ва табиий фанларга доир билимлар ақида илми учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини исботлаб берган улуғ олимдир. Бу билимларни пухта ўрганган мусулмонлар тўғри ақидада ҳаёт кечирадилар, шунингдек, адашган тоифаларга қарши ҳам тура оладилар.
Ислом БЎРИЕВ,
Ўзбекистон ФА Тарих институти кичик илмий ходими
Манба:
. كتاب اختصار المجسطي. أبو عبد الله محمد بن موسى الخوارزمي Берлин давлат кутубхонаси: MS. OR. OCT. 273. 66-вар.