“Сузук ота” мажмуаси
Ушбу мажмуа муаззам пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида барпо этилган.
Амир Темур ҳазратлари 1364 йил чегараларни мустаҳкамлаш мақсадида қиш фаслини Тошкентда ўтказган ва олти ой давомида даволанишига ҳам тўғри келган. Ўша вақтда унинг буйруғи билан Туркистон шайхул машойихи Хожа Аҳмад Яссавийнинг набираси бўлмиш Сузук ота қабри устида мақбара ҳамда масжид қурилган. Сузук отанинг асл исми Мустафоқул. У зот Аҳмад Яссавий ҳазратларининг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалигида бобоси уни эркалаб “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”, дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган.
Асрлар давомида Сузук ота мақбараси яқинидаги қабристон майдони ҳам кенгая борган. Намозхонлар кўпайгани ҳисобига таҳоратхона ҳам кенгайтирилган. Масжиднинг қишки хонақоҳи ўлчами 12.9/12.9 метр ҳажмда бўлган. Намозхонаси эса бағалларга (Бағал – меъморий безак. Гумбаз остидаги шакл. Тўғри тўртбурчак, мурабба тарҳли хоналар бағал ёрдамида доира шаклига келтирилади. Бинонинг ички қисмидаги гумбаз остига ёки пойгумбазга ишланади. Гумбаз оғирлиги асосан бағалга тушади) таянган, ўлчами 10 метрга тенг бўлган гумбаз билан ёпилган. Бинонинг кириш ва чиқиш қисмлари мақбаранинг шимолида жойлашган.
Масжидда кўп йиллар намоз ўқиб келинган. Аммо 1936 йил шўролар масжид ва мақбарани буткул беркитиб, уларнинг ўрнида металл буюмлар ишлаб чиқарувчи корхонани ишга туширган. Ҳунармандларнинг хоналари эса корхона омборхонасига айлантирилган. Чиқинди ҳамда заҳарли кислоталар ариқларга оқизилган. Зилзила оқибатида масжидга зарар етган ҳамда мақбаранинг гумбази буткул қулаб тушган. Таъмирланмагани оқибатида гумбазнинг қолган қисми ҳам уваланиб йўқ бўлиб кетган. 1989 йил маҳаллий аҳолининг норозилиги сабабли ҳукумат ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини тўхтатган.
1990 йилга келиб қайта тиклаш ишлари бошланиб, таҳоратхона, кутубхона барпо этилган ҳамда мажмуанинг шимолий томонида жойлашган айвонлар қайта қурилган. 1996 йил масжид расман фаолият кўрсатиши учун рўйхатдан ўтказилган.
2017 йилнинг 26 май куни Президент Шавкат Мирзиёев “Сузук ота” мақбараси ва жоме масжидида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Давлатимиз раҳбари топшириғи билан масжид атрофига қўшимча айвонлар қурилди. Хонақоҳи икки минг кишига мўлжалланди. Мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Масжид жойлашган мажмуага киришда музей, автотураргоҳ, дўкон, кутубхона, ички қисмида “Сузук ота” мақбараси ҳамда ундан кейин масжид қурилган. Мажмуанинг кириш қисмида йўлнинг икки томонига ҳунармандлар учун икки қаватдан иборат бўлган ўттиз тўртта уй-жой қурилган.
Робия ДАМИН қизи
http://hidoyatuz.taplink.ws