Жумадул аввал ойида икки Ҳарами шарифни 66 миллиондан ортиқ киши зиёрат қилди
Ҳижрий сананинг жорий тақвимидаги Жумадул аввал ойида 66 миллиондан зиёд зиёратчи Икки муқаддас масжидга ташриф буюрган.
IQNAнинг “Khaleej Online” нашрига таяниб хабар беришича, Бош бошқарма ўз баёнотида зиёратчилар сони Жумадул аввал ойида 66 миллион 633 минг 153 кишига етганини маълум қилган. Бу эса ундан олдинги ой – Рабиъус соний ойига нисбатан 12 миллион 121 минг 252 кишига кўпдир.
Хабарда айтилишича, Масжид ал-Ҳаромда намоз ўқиганлар сони 25 миллион 987 минг 679 кишига етган, шулардан 100 минг 489 киши “Ҳижр Исмоил” ҳудудида намозни адо этган. Шунингдек, умра зиёратчилари адади ҳам 13 миллион 972 минг 780 кишига етган.
Баёнотда шунингдек қуйидагилар қайд этилган:
“Масжид ан-Набавийда жумадул аввал ойида намоз ўқиганлар сони 23 миллион 296 минг 185 киши бўлиб, шулардан 912 минг 695 киши ар-Равза аш-Шарифага ташриф буюрган. Пайғамбар (с.а.в.) зиёратгоҳини зиёрат қилганлар сони эса 2 миллион 363 минг 325 кишини ташкил этди”.
Икки Ҳарами шариф хизмати Бош бошқармаси ушбу муқаддас масжидларга келувчи зиёратчи ва намозхонлар сонини бош дарвозаларда замонавий сенсор технологиялари ёрдамида кузатиб боради. Бу режа одамлар оқимини назорат қилиш ва тегишли идораларга уларни бошқариш ваколатини самарали равишда тақдим этишга қаратилган.