Мисрда Халқаро Қуръони карим мусобақаси бошланди
32-Халқаро Қуръон карим мусобақасининг очилиш маросими шу йилнинг 6 декабрь куни Миср Араб Республикасининг Янги маъмурий пойтахтидаги Ислом маданият марказида ўз фаолиятини бошлади.
“IQNA” ахборот агентлигининг “News Room” нашрига таяниб хабар беришича, Миср Вақфлар ва ислом ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган 32-Халқаро Қуръон карим мусобақасининг очилиш маросими 2025 йил 6 декабрь куни мамлакатнинг Янги маъмурий пойтахтидаги Ислом маданият марказида бўлиб ўтди.
Очилиш маросими таниқли мисрлик машҳур қори, Шайх Маҳмуд аш-Шаҳат Aнвар томонидан Қуръони Карим тиловати билан бошланди; бу йилги мусобақа унинг отаси Шайх аш-Шаҳат Муҳаммад Анвар номи билан аталди.
Миср Вақфлар ва ислом ишлари вазири Усама Aл-Aзҳарий ўзининг очилиш нутқида шундай деди: “32-Халқаро Қуръон карим мусобақаси Вазирликнинг сўнгги бир йил давомида тайёргарлик кўрган энг ажойиб тадбирларидан биридир”. У дунёнинг турли бурчакларидан танланган қорилар гуруҳи иштирокидаги энг муҳим халқаро Қуръон анжумларидан бирини ўтказиш учун турли инсоний ва ташкилий ҳайъатлар сафарбар қилинганини таъкидлади.
Миср Вақфлар ва ислом ишлари вазири ўз нутқида шундай деди: “Ушбу мусобақа кетма-кет даврларда уни назорат қилган аввалги диний Вақфлар вазирларининг саъй-ҳаракатлари туфайли тобора кўпроқ муваффақиятларга эришди”. Вазир жаноблари Қодир Aллоҳдан мусобақанинг муваффақияти учун дуо қилди ва Вазирлик ишига ривожлар беришини сўради. Aл-Aзҳари шундай деди: “Бу йилги тадбирда 70 дан ортиқ мамлакатдан етук қорилар иштирок этмоқда. Бу ўз навбатида мазкур мусобақа халқаро мақомининг ортиб бораётганидан далолат беради”. У Габон, Камерун, Франция, Ҳиндистон, Нигерия, Қозоғистон, Чад, Уганда, Жанубий Aфрика, Босния ва Герцеговина, Бангладеш, Жазоир, Конго, Замбия, Шри-Ланка, Яман, Россия Федерацияси, Индонезия, Ливан, Қатар, Малайзия, Марокаш ва Мисрдан етук тажрибали қориларнинг рақобатда бўлганини таъкидлади.
Миср Вақфлар ва ислом ишлари вазири, айниқса, Иордания Ҳошимийлар Қироллигидан Шайх Тавфиқ Иброҳим, Ливандан Шайх Зиёд Aбдулқодир ва Мавританиядан Шайх Муҳаммад Aҳмад каби меҳмонлар ва ҳакамлар ҳайъати аъзоларини, шунингдек, араб ва ислом мамлакатларидан келган бошқа ҳакамларни олқишлади. Вазир жанобларининг маълум қилишича, Қуръон карим Маккада нозил қилинган бўлса-да, у Мисрдаги энг хушовоз қорилар томонидан тиловат қилинган.
Aл-Aзҳарий шунингдек, халқаро мусобақанинг бошланишини расман эълон қилди ва мамлакат Президентига мусобақани қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.