“Чимир ота” масжиди
Мазкур жоме пойтахтимизнинг “Шифокорлар” маҳалласи ҳудудида, Форобий кўчасида жойлашган. “Чимир ота” қабристони ва масжиди тахминан 900 йил ёки 500 йилдан бери мавжуд.
Унинг нима учун “Чимир ота” деб номланганига икки хил сабаб кўрсатадилар. Биринчиси, Чимир ота Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг иқтидорли шогирларидан ёки зурриётларидан бўлиб, яссавийлик тариқатини Шошда тарқатиш учун муршидлари томонидан жўнатилган. Тошкентга, яъни ҳозирда дафн этилган жойларига яқинроқ жойда яшаган ва атрофдаги мусулмонларни яссавийлик тариқатига даъват қилган.
Иккинчиси, баъзи тарихчилар қуйидаги ривоятни тўғрироқ дейдилар.
Чимир ота шажараси қуйидагича тахмин қилинади: 1378–1456 йиллар оралиғида 78 йил умр кўрган Бейдибек ва ундан йигирма икки ёш кичик бўлган учинчи аёли Думалоқ (Нурила) онадан Жарғишақ (Тиловберди) туғилган.
Жарғишақнинг икки хотини бўлиб, катта хотини Тавкалбибидан Албан ва Суан исмли фарзанд кўрган. Иккинчи хотини Биби Фотимадан Дўлат туғилади. Дўлат тахминан 1426–1506 йилларда яшаб, 80 ёшида вафот этади. Дўлат аёли Гулзайнабдан тўрт фарзанд кўради. Улар Сиқим, Жанис, Ботпай, Чимир.
Уларнинг орасида Чимир илмга чанқоқлиги, зеҳнининг ўткирлиги билан ажралиб турган. Ўз замонасининг мадрасаларида улуғ устозлардан таълим олган ва даврининг олимларидан бирига айланган. Исломнинг бешинчи фарзи ҳаж ибодатини ҳам адо этишга мушарраф бўлган.
Чимир ота тахминан 1450-1530 йилларда Тошкентда туғилиб, шу ерда яшаб вафот этган ва ҳозирги “Чимир ота” қабристонига дафн этилган. У зотдан Ижҳожа, Бекбулат, Темур исмли уч фарзанд қолган.
Форобий маҳалласидаги фидойи инсонлар ташаббуси билан масжиднинг қайта очилишига собиқ Шўро ҳукумати 1989 йил октябрь ойида рухсат берди. Аммо узоқ йиллар қаровсиз қолиб кетган масжид биноси хароб аҳволга тушиб қолган эди. Масжидда дарров қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Масжид биноси ва айвони 1991 йилда саховатпеша инсон Саидваққос Содиқов ҳожи ҳомийлигида минг ўринли қилиб қуриб битказилди. Таҳоратхона ва бошқа маъмурий бинолар Акбар Мирзарипов ҳожи бошчилигида ҳашар йўли билан янгидан қурилди.
2010 йилга келиб “Чимир Ота” масжиди, таҳоратхонаси, маъмурий бинолари замон талабларига жавоб бермай қолгани сабабли қайта қурилиши бошланди. Масжид қирқ метрга ўттиз метр қилиб барпо этилди. Пастки қисми ҳам худди шу ҳажмда. Жоме бир вақтнинг ўзида икки мингга яқин намозхонни ўзига сиғдиради. Пастки бинонинг пол қисмидан гумбаздаги ойнинг учигача бўлган баландлик ўттиз беш метр. Хонақоҳ ичидан гумбазнинг баландлиги йигирма етти метр.
“Чимир Ота” масжиди Тошкент шаҳримизнинг кўркига кўрк қўшиб турадиган исломий меъморий иншоотларнинг биридир.
Мўминжон САЙДАЛИЕВ,
“Чимир ота” масжиди имом ноиби
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 22-сонидан