Жаннат хурфасида бўлади
Беморни зиёрат қилиш мусулмон кишининг бошқа мусулмон биродари олдидаги ҳаққидир ва шариатда уни адо қилишга тарғиб этилади. Бу ҳақда кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмоннинг (бошқа) мусулмон зиммасидаги ҳаққи олтитадир”, дедилар. “Эй Расулуллоҳ! Улар қайсилар?” – дейилди. У Зот: “Рўбарў келсанг, унга салом бер, сени (бирор нарсага) таклиф этса, уни қабул қил, сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, агар аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга ташмит (ярҳамукаллоҳ) айт, касал бўлса, уни зиёрат қил, вафот этса, (жанозасида) иштирок эт”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Демак, мусулмон киши Пайғамбаримиз алайҳиссалом огоҳлантирган ушбу амалларга ҳарис бўлиши лозим. Боиси, беморни зиёрат қилган киши биродари ҳаққини адо қилиши билан бирга кўп яхшиликларга эга бўлади. Аввало, касални кўргани борган киши улкан савобларга эга бўлади.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Мусулмон киши мусулмон биродарини (касал ҳолида) кўргани борса, то қайтгунича жаннат хурфасида бўлади”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули! Жаннатнинг хурфаси нима?” дейилди. У зот: “Жаннатнинг тери қўйилган мевалари”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадисда “жаннат хурфаси”да, яъни, жаннатнинг териб қўйилган мевалари ичида бўлади”, дейилишидан, зиёратчининг кўплаб савобга эга бўлиши назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, фаришталар ҳам зиёратчи учун дуо ва истиғфор айтади. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қайси бир мусулмон бошқа бир (бемор) мусулмонни эрта тонгда кўргани борса, оқшом тушгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Агар уни оқшомда кўргани борса, тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Ҳамда бу кишига жаннатда териб, йиғиб қўйилган мевалар бўлади”, деганларини эшитганман”, деди» (Имом Термизий ривояти).
Беморни зиёрат қилиш билан инсон жаннатда ўзи учун жой тайёрлаб қўяди ва жаҳаннамдан узоқлашади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Ким касални кўргани борса ёки Аллоҳ йўлидаги дўстини зиёрат қилса, нидо қилувчи унга: “Сен пок бўлдинг, юришинг ҳам пок бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг”, деб нидо қилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бемор зиёрати билан инсон жаҳаннамдан узоқлашади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким чиройли таҳорат қилиб, (бемор) мусулмон биродарини савоб умидида кўргани борса, у жаҳаннамдан етмиш кузлик (йиллик) масофада узоқлаштирилади”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Касал одамни зиёрат қилган киши Аллоҳнинг раҳматига эга бўлади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким касални кўргани борса, то ўтиргунича, раҳматга кириб боради. Агар (касал олдида) ўтирса, раҳматга ғарқ бўлади”(Имом Молик ва Имом Аҳмад ривояти).
Демак, ҳадислардан ҳам маълум бўлмоқдаки, беморни зиёрат қилиш нафақат зиёратчига, балки беморга ҳам жуда фойдали. Бундай ташриф беморга руҳий қувват беради, қадр-қиммати борлигини ҳис этиши унинг кайфиятини кўтариб, яшашга иштиёқини кучайтиради. Бу эса касалликни енгишда ёрдам беради.
Шокиржон МАДАМИНОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси
“Ислом нури газетаси”нинг 2025 йил 24-сонидан