Никоҳ баракали бўлишининг шартлари
Оила бахти фақат бир томоннинг саъй-ҳаракати билан эмас, балки эр ва хотиннинг ўзаро ҳурмат, муҳаббат, сабр ва масъулиятга асосланган ҳамжиҳатлиги билан қарор топади. Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва бурчини англаб етган хонадонда тинчлик, барқарорлик ва саодат ҳукм суради.
Ислом таълимотига кўра, жамиятда бўлгани каби оилада ҳам аниқ масъулият тақсимоти бўлиши шарт. Қуръони каримда марҳамат қилинади: «Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир» (Нисо сураси, 34-оят).
Ушбу оятдан оилада эркак зиммасига улкан масъулият юкланганини билиб оламиз. Яъни у оилани моддий томондан таъминлайди, ҳимоя қилади, аёл ва фарзандларига ғамхўрлик кўрсатади.
Аксинча, эр киши оилавий масъулиятга бепарво қараса, аҳли оиласи билан ўзаро мулоқот қилмаса, охир-оқибат ўртага совуқчилик тушади ва оила қўрғонига дарз етади. Бу бугунги кунимизнинг оғриқли масалаларидан десак, адашмаймиз. Сўнгги икки йил мобайнида мамлакатимизда 271 776 та никоҳ қайд этилган бўлса, шуларнинг 45 135 таси ажрашган. Ачинарлиси, ажримларнинг 28,5 фоизи 30 ёшгача бўлган ёш оилалар ҳиссасига тўғри келади.
Судлар томонидан ажрашиш сабабларининг асосий қисми феъл-атворлар мос келмаслиги (54 фоиз), оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, ўзаро мулоқот ва ишончнинг етишмаслиги билан изоҳланган. Бу рақамлар никоҳга енгил муносабат ва оилавий бурчни етарлича англамаслик қандай оғир оқибатларга олиб келаётганини яққол кўрсатади.
Оилада ҳаловат, файз ва меҳроқибат қарор топишида аёлнинг ўрни беқиёс. Тозаликка риоя қилган, саранжом, тадбирли, эр ва фарзандларига ғамхўр аёл хонадонга барака олиб киради. Бундай оилада илиқ муҳит шаклланиб, ўзаро ҳурмат ва ишонч мустаҳкамланади.
Шу билан бирга, аёл меҳнатининг қадрланиши, унга нисбатан мулойимлик ва адолат сақланиши оила тинчлиги учун жуда муҳим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз аҳли оилаларига бўлган гўзал муомалалари бу борада энг ёрқин намунадир.
Афсуски, айрим ҳолларда диёнат ва сабр унутилиб, арзимас сабаблар билан янги келинга зуғум қилинади. Ҳолбуки, ҳаёт тажрибасига эга, диёнатли, оқила қайноналар келинни меҳр ва ҳикмат билан ҳаёт мактабига йўналтириб, уни ўз фарзандидек ардоқлайдилар. Шундай хонадонларда авлодлар ўртасида меҳр-оқибат узилмайди.
Ҳаёли, иболи, номаҳрамлардан ўзини асраган, зийнатини кўз-кўз қилмаган, оиласига сидқидилдан хизмат қилган аёллар Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мукофотига муносибдир. Шу билан бирга, эркакнинг ҳам ўз нафсини тарбия қилиши, ҳалол ризқ топиши ва оиласига садоқатли бўлиши никоҳ баракали бўлишининг муҳим шартларидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Дунё ўзи бир матодир. Дунё матоларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга никоҳнинг қадрига етадиган, ўзаро меҳр-оқибатли, сабрли ва намунали оилалардан бўлишни насиб этсин.
Ғиёсиддин ХОЛТЎРАЕВ,
Нишон тумани (А.Азизов уюштирди)
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws