Ўзини поклайдиганлар кимлар?
«Ўзларини “поклаётган” кимсаларни кўрмайсизми? Ҳақиқатан, Аллоҳ кимни хоҳласа (ўшани) поклайди, (Аллоҳ томонидан) хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмайди» (Нисо сураси, 49-оят).
Бу оятда яҳудийлар назарда тутилган. Имом Қатода ва Ҳасан Басрий раҳимаҳумаллоҳ айтади: «Уларнинг ўзларини поклашлари ҳақида бундай дейилган: «Яҳудийлар ва насронийлар: “Биз Аллоҳнинг ўғиллари ва ҳабибларимиз”, дейдилар» (Моида сураси, 18-оят), «Улар: “Жаннатга фақат яҳудий ёки насроний бўлганлар киради”, дедилар» (Бақара сураси, 111-оят)».
Имом Заҳҳок ва Суддий раҳимаҳумаллоҳ айтади: «Улар: “Бизда гуноҳ йўқ. Кундузи қилган ишларимиз кечаси, кечаси қилган ишларимиз кундузи кечирилади. Биз гуноҳсиз болаларга ўхшаймиз”, деб ўзларини поклайдилар».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Улар вафот этган оталарини, ўзларини шафоат қилади ва поклайди деб эътиқод қилишади”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Уларнинг ўзларини поклашлари – бир-бирларини мақташларидир”, деган.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Айтилганлар ичида энг тўғриси мана шу – охирги фикр. Чунки оятнинг зоҳирий маъноси ҳам шунга далолат қилади. Тазкия – гуноҳлардан поклаш ва оқлаш демакдир”.
Мазкур оят ва Аллоҳ таолонинг: “У (Одамни) ердан (тупроқдан) пайдо қилган пайтиданоқ ва сизлар оналарингиз қорнида ҳомила бўлган пайтингизданоқ сизларни яхши билувчидир. Бас, сизлар ўзларингизни оқламай қўяқолингиз! У тақводор кишиларни яхши билувчидир” (Нажм сураси, 32-оят) деган сўзи киши ўзини мақтамаслиги, ҳақиқий поклаш Аллоҳ таолонинг поклаши эканини тақозо қилади.
Муҳаммад ибн Амр ибн Ато ҳикоя қилади: «Қизимга Барра (тақводор) деб исм қўйдим. Зайнаб бинти Абу Салама менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу исмни ман қилганларини айтиб, бундай деди: “У зот: “Ўзларингизни покламанг. Сизлардан ким тақводор эканини Аллоҳ яхши билади”, деганларида саҳобалар: “Унда нима деб исм қўямиз?” дейишди. “Зайнаб деб қўйинглар”, дедилар у зот”» (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бировни мақташ масаласи ҳам шундай. Абу Бакра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида бир киши зикр қилинди. Шунда бир киши уни жуда мақтади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳолингга вой! Соҳибингнинг бўйнини уздинг!” дедилар. Буни бир неча марта айтдилар. Сўнгра: “Агар бирортангиз бировни мақташдан бошқа чора топмаса ва уни шундай деб билса, “Мен уни шундай-шундай деб ўйлайман”, десин. Унинг ҳисоб-китобини қилувчи Аллоҳдир. Аллоҳнинг ҳузурида ҳеч кимни поклаб мақтамасин”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда: «Мени насронийлар Исо ибн Марямни ҳаддан ошириб мақтаганларидек мақтаманглар, балки “Аллоҳнинг қули ва элчиси” деб айтинглар», дейилган.
Китоб ва суннат бирор кишини унда йўқ сифатлар билан мақташдан қайтаради. Чунки бундай мақтов уни ўз амалларига маҳлиё бўлиб, кибрга кетиб қолишига олиб келади. Шунинг учун бундай мақтов “соҳибининг бўйнини узиш”га қиёсланмоқда. Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Маддоҳларнинг юзларига тупроқ сочинглар”, деган сўзларини бундай таъвил қилганлар: “уг ап одамларни ёлғондан, уларда бўлмаган сифатлар билан мақтайдиган маддоҳларга айтилган. Улар бу мақтовлари орқали (мақталаётган кишидан) дунёвий манфаат, фойдани кўзлайди. Шу билан бирга мақталаётган кишини фитнага солади. Аммо бир кишини ундаги мақтовга лойиқ яхши амал, фазилатни мақтаб, унинг ўзини ва одамларни ўша амал ва фазилатларга рағбатлантиришни мақсад қилса, бундай киши маддоҳ ҳисобланмайди”.
“(Аллоҳ томонидан) хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмайди”. Ибн Аббос, Ато ва Мужоҳидлар: “Хурмо данагининг ипи – данак ёриғида бўладиган ингичка ип”, дейишган. Ибн Аббоснинг бошқа ривоятида: “У икки бармоқ ёки икки кафтни бир-бирига ишқалаганда улар орасидан чиқадиган кир”, дейилган. Яъни Аллоҳ таоло шу қадар арзимас зулм қилишдан ҳам поклигини билдиради.
“Тафсири Қуртубий” асари асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан