Табиатга зарар етказиш – онгсизлик белгиси
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, зич мевали, шохлари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик). Яна у (сув) билан “ўлик” шаҳарни (ерни) “тирилтирдик”» (Қоф сураси, 9–11-оятлар).
Ояти карималардан наботот олами бандалар учун ризқ қилиб берилгани англашилади. Шундай экан, биз берилган неъматга шукур қилишимиз ва табиатга нисбатан тўғри муносабатда бўлишимиз лозим.
Табиат – Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати. Ер, сув, ҳаво, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси инсон ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб, уларга етказилган ҳар қандай зарар охир-оқибат инсоннинг ўзига қайтади. Атроф-муҳитни ифлослантириш, аввало, инсон саломатлиги, ҳаёти ва келажак авлод тақдирига қилинган тажовуздир.
Баъзан йўл бўйларидаги чиқинди уюмларига кўзимиз тушади. Албатта, бу – хунук манзара. Ундан тарқалган бадбўй ҳидни айтмаса ҳам бўлаверади.
Исломда тозалик ва поклик юксак қадрият ҳисобланади.
Бу фақат шахсий поклик эмас, балки атроф-муҳитга нисбатан масъулиятни ҳам ўз ичига олади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки лаънат келтирувчи (иш)дан сақланинглар”, дедилар. Одамлар: “Ё Расулуллоҳ, икки лаънат келтирувчи (иш) нима?” дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг йўлига ёки соя жойига таҳорат ушатиш”, дедилар» (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
Бу ҳадис атроф-муҳитни ифлослаш, жамоат манфаатига зарар етказиш гуноҳ эканини англатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зарар бериш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқ! Кимки зарар етказса, Аллоҳ унга зарар беради. Кимки (одамларни) машаққатга қўйса, Аллоҳ унинг ўзига машаққат етказади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Атроф-муҳитни ифлослантириш эса очиқ-ойдин зарардир. У инсон саломатлигига ва келажак авлод ҳаётига хавф солади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табиатни обод қилишга ундаганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо кўчати бўлса, уни экиб қўйсин”(Имом Бухорий ривояти).
Табиатга зарар етказиш – онгсизлик, калтабинлик ва маън авий қашшоқ лик б е лг иси . Атроф-муҳитни ифлослаётган инсон, аввало, ўз жонига, фарзандига ва келажак авлодга зиён етказаётганини англаши лозим.
Муқаддас динимиз инсонни ер юзида фасод қилувчи эмас, балки обод қилувчи, асровчи ва ислоҳ қилувчи бўлишга чорлайди. Табиатни муҳофаза қилиш – бу замонавий шиор эмас, балки иймондан келиб чиқадиган муқаддас масъулиятдир!
Боборавшан РАСУЛОВ,
Тошкент вилояти “Эшон бува” жоме масжиди имом-хатиби (Т.Шернаев тайёрлади).
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws