“Даҳр аро ёқти сиёсат* машъалин…”
Алишер Навоий “Сўз мулкининг султони” дея улуғланиши бежиз эмас. Бу эътирофнинг ҳақиқат эканини мутафаккирнинг асарларини ўқиган ва уққан киши яхши англайди. Буюк шоир тасвирлаган Ширин ва Лайли, Меҳинбону ва Дилором, Дилором ва Дилосолар барча замон аёлларига ибратдир. Унинг асарларида чизилган вафо ва садоқатда аёл зотининг кўз илғамас ўзига хосликлари бизни ҳам қувонтиради, ҳам тафаккурга чорлайди. Мутафаккир шоир кўпроқ аёл зотининг муҳаббатию меҳнаткашлигини, маънавий поклигини мадҳ этади, улуғлайди.
Фикримизнинг далили сифатида Алишер Навоийнинг бир қитъасига эътибор қаратайлик:
Юз туман нопок эрдин яхшироқ
Пок хотунлар аёғининг изи.
Нуҳ ўғлин кўрки солди тийралик,
Динига нафс илгида табъи ожизи.
Даҳр аро ёқти сиёдат машъалин
Покравлиқтин Расулуллоҳ қизи.
Олти мисрадан иборат бу шеърда бир олам маъно мужассам. Биринчи байтда покиза аёллар оёқларининг изи, яъни тупроғи, чанги юз минглаб нопок эрдан кўра яхшироқдир, дея таърифланади. Аслида эркаклар қораланаётгани йўқ, улар орасида учрайдиган ахлоқсиз, тубан, золим кишилар ҳақида сўз бормоқда. Нопок инсонлар аслида эркаклар жамоасида ҳам, аёллар орасида ҳам бор.
Иккинчи байтда, биринчи байтдан фарқли равишда, Қуръони каримнинг бир неча сураларида зикр этилган Нуҳ пайғамбар қиссасига ишора қилинмоқда. Яъни Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини тўғри йўлга даъват қилиш учун машаққат чекаётган бир пайтда ўғли у зотга итоат этмайди. Бу иши билан нафс илгига тушиб, тийраликда, яъни имонсиз ҳолда ҳалок бўлади.
Учинчи байт иккинчисига зид мазмунда келади ва кўнглимизга таскин, нур-ёруғлик олиб киради. Яъни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қизлари — саййида Фотима розияллоҳу анҳо улуғлик машъалини ёққани, покравлик, гўзал одоб ва яхши хулқли аёл сифатида улуғ даражага кўтарилгани васф этилади.
Ҳазрат Навоий яшаган, қаламга олган замонлар тарихда қолди. Шунга қарамай, шоир таърифлаган нопок эрлар, ҳаёсиз аёллар ҳамма даврларда, минг афсуски, бизнинг замонамизда ҳам учрайди. Минг шукр, Пайғамбаримиз аҳли аёллари ва фарзандларига хос бўлган одоб-ахлоқ, покизалик ва матонатни ўзлаштирган аёлларимизнинг борлиги ва кўплиги бизни беҳад қувонтиради.
Ўз нафсининг ёмонликлари ва шайтон васвасасига учиб, аёл, она деган улуғ номларга иснод ва доғ тушираётган замонамизнинг айрим аёлларига ҳазрат Навоийнинг ўгитлари тўғри йўлни кўрсатади, деб умид қиламиз.
Дилором КАРИМОВА,
филология фанлари номзоди, доцент,
Юнусобод тумани отинойиси
http://hidoyatuz.taplink.ws