Яхши қайнона яхшилик излар
Ҳалима ая умрага бориб келди. Уни зиёрат қилиш, дуосини олиш мақсадида қўшнилар билан йўқлаб чиқдик. Келини Назирахон муаллима, ҳозир туғруқ таътилида.
– Барака топсин, Назирахон мени умрага юборди. Келин ҳам қизингиздай бўларкан, — деди Ҳалима ая.
Шу пайт Назирахон чой олиб кирди:
– Ойижон, фарзандларимга қарадингиз, овқат тайёрлаб, юмушларимга кўмак беряпсиз. Сиз туфайли муаллима бўлдим…
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунё ўзи бир матоҳдир. Дунё матоҳларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Солиҳа келин хулқи билан бир оилани аҳил, бахтли қилади. Солиҳа қайнона ҳам келинидан камчилик эмас, яхшилик излайди, билмаганини ўргатади, ўғли билан саодатли яшашини Яратгандан сўрайди.
Ажрим ёқасида турган оилаларга борганимизда қайнона-келинларнинг муносабатидан уялиб кетамиз. Каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишни билишмайди. Бундай оилаларда фақат низоларни кўрасиз. “Қуш уясида кўрганини қилади”, дейилгани бежиз эмас. Келиннинг яхши бўлиши қайнонага, қайнонанинг меҳрини топиш келинга боғлиқ.
Ширин сўзимизни, меҳримизни аямайлик! Ахир кексайганимизда худди қизимиздек бизга қарайдиган, кучдан қолганимизда суяйдиган шу келинларимиз эмасми?!
Дилбар ҚАМБАРОВА,
Бухоро тумани “Соҳибкор” маҳалласи отинойиси
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws