Мақолалар

Бизларга Исломнинг марҳамати кенг

Чоп этилди May 25, 2019 Бизларга Исломнинг марҳамати кенгda fikr bildirishni o'chirish

Сабрдир бош мезон Рамазон ойи,

Зийнатланди инсон хулқи, чиройи.

Исломга эргашган барча фидойи,

Рамазон муборак сизларга, халқим.

Нафсни жиловлаб олдик шубҳасиз,

Ишқий эҳтиросга берилмаймиз биз.

Ниятлар эврилмас сира Аллоҳсиз,

Рамазон муборак сизларга, халқим.

Бизларни қийнамас иссиқ тафти ҳам,

Аъзолар олмоқда кундузлари дам,

Ифторда томоқлар бир оз олур нам,

Рамазон муборак сизларга, халқим.

Яхши сўз, тилаклар бизларга ҳамдам,

Қалблардан жой олди қайноқ меҳр ҳам,

Бугунги замонда ҳеч ким эмас кам,

Рамазон муборак сизларга, халқим.

Араз ва гиналар бўлдики унут,

Дилларга жо бўлди дуойи Қунут.

Ижобат бўлмоқда орзу ва умид,

Рамазон муборак сизларга, халқим.

Тотувлик, аҳиллик кундалик шиор,

Меҳнатдан топмоқда миллат ифтихор,

Обод бўлаётир биз севган диёр,

Рамазон муборак сизларга, халқим.

Таровеҳ намозин масжидда ўқинг,

Қуръон оятларин мағзини чақинг.

Бизларга Исломнинг марҳамати кенг,

Рамазон муборак сизларга, халқим.

 

Абдисаттор МЎМИНОВ,

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани