Банда ҳар бир амалига масъулдир
Банда ўз ихтиёри билан қилган амалларининг яхшисига савоб, ёмонига гуноҳкор бўлади. Унинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ишлар, ҳолатлар учун унга савоб ҳам, азоб ҳам бўлмайди.
Тоатлар (савоб ишлар) Аллоҳ таолонинг амри, муҳаббати, розилиги, илми, хоҳиши, қазоси, тақдири билан бўлади. Гуноҳ ишлар эса Аллоҳ таолонинг илми, қазоси, тақдири, хоҳиши билан бўлади, амри, муҳаббати, ризоси билан эмас.
Аллоҳ таолонинг ҳукмлари уч тур бўлади:
– Аллоҳ таоло хоҳлаган, яхши кўрган ва буюрган ишлар, яъни фарз амаллар;
– Аллоҳ таоло хоҳлаган, яхши кўрган, лекин буюрмаган ишлар, яъни нафл амаллар;
– Аллоҳ таоло хоҳлаган, лекин яхши кўрмаган ва буюрмаган ишлар, яъни гуноҳ амаллар. Киши ўзгага зулм ё тажовуз қилиб ё гуноҳ ишларга қўл уриб: “Бу пешонамда бор экан, тақдиримда битилган”, деб ўзини оқлаши мумкинми? Асло йўқ. Чунки унда танлаш имконияти бор: яхши ишни ҳам, зулму тажовузни ҳам ўз ихтиёри билан қилади. Шу боис қилган ёмон амали учун жавоб беради.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қотил ҳам, мақтул ҳам (бир-бирини ўлдиришни қасд қилган бўлса) дўзахийдир”, деганлар.
“Мотуридийлик таълимотига оид 101 савол-жавоб оммабоп рисола”дан.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 11-сонидан