Фақиҳа аёлнинг билдириши
Ҳофиз Абу Яъло Шаъбийдан, у киши Масруқдан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида минбарга чиқиб:
– Эй одамлар! Аёлларнинг маҳрини жуда ошириб юбордингиз-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари тўрт юз дирҳамдан оширмас эдилар. Ундан ҳам оз бўлар эди. Агар маҳрни зиёда қилиш Аллоҳга тақво ёки карамли иш бўлганида улардан ўтиб кета олмас эдингиз. Ҳеч ким бир аёлнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилмасин! – дея минбардан тушганида қурайшлик бир аёл:
– Эй мўминларнинг амири, одамларни аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилишдан қайтардингизми? – деди.
Умар розияллоҳу анҳу:
– Ҳа, – деди.
Аёл:
– Аллоҳнинг Қуръондаги ҳукмини эшитмаганмидингиз?! – деди.
Умар розияллоҳу анҳу:
– У қандай ҳукм? – деди.
Шунда аёл:
– Аллоҳ таоло: «Уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг!» (Нисо, 20) дея ҳукм қилганини билмайсизми?! – деди.
Умар розияллоҳу анҳу:
– Раббим, Ўзинг кечир! Одамлар Умардан кўра фақиҳроқдир, – деб яна минбарга чиқди ва: – Эй одамлар, мен сизларга аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилмасликка амр қилган эдим. Энди ким ўз молидан қанча хоҳласа, бераверсин. Умар хато қилди, аёл тўғри айтди, – деди”.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Бахтиёр оила” китобидан
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан олинди.
http://hidoyatuz.taplink.ws