Кибрни синдириш усули
Улуғ гуноҳларни кечира оладиган киши ҳақиқий ҳалимдир.
Изоҳ. Чинакам ҳалим бўлиш ўзига нисбатан қилинган энг катта хатони кечира олиш билан белгиланади. Бу инсон учун жуда оғир шарт. Инсон баъзан энг катта айб нарида турсин, энг кичкина хатони ҳам унута олмай қийналади. Айниқса, ўзига нисбатан қилинган бу иш яқинларидан содир бўлса. Кутилмаган зарба, гарчи кучсиз бўлса ҳам, бир муддат гангиратиб қўйишга етарлидир. Шунинг учун ҳам ҳалимлик сифати билан номланиб бўлмайди, балки у қозонилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалим эдилар. Чунки у зот Парвардигорининг: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Менинг (турли гуноҳ – маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳмат – марҳаматидан ноумид бўлман гиз! Албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзигина Мағфиратли Меҳрибондир”» (Зумар сураси, 53-ояти)ни зиммаларига олиб, умматга етказдилар.
Гуноҳкорнинг ўз гуноҳига иқрор бўлиши – унинг оқловчиси, узр сўраши эса унинг тавбасидир.
Изоҳ. Ҳаётий муомалаларда инсон вазиятдан юзи ёруғ ҳолда чиқиб кетиши учун қилган ишини қўллабқувватлайдиган бир оқловчига муҳтож бўлади. Сўзлари қай даражада ишончли, далилҳужжати қанчалик кучли бўлмасин, ўша оқловчисиз битта сўзи ҳам инобатга олинмайди. Инсон ўзининг ҳақлигини исботлаш учун ҳамиша бир оқловчи инсонга муҳтож. Магар битта ҳолатда вазият сал бошқачароқ: қилмишини тан олган гуноҳкорга энди оқловчининг ҳожати йўқ. Одамларнинг бу иқрорни тан олиши ё олмаслиги кейинги масала. Асосийси, гуноҳкор ўзи учун бирламчи ишни ҳал қилди – гуноҳига иқрор бўлди, мана шу иқрор унинг учун оқловчи бўлишга кифоя, узр сўраши гуноҳдан қайтганлигининг белгисидир.
Агар ўт ичида бўлса ҳам, дўстни асра.
Изоҳ. Дўстлар кўп, аммо чин дўст кам. Кимдир мансабингиз, яна кимдир бойлигингиз, бошқа бири обрўингиз учун дўст. Бундай дўстлик узоққа бормайди. Ҳатто болалик, ўсмирлик, йигитлик хотиралари билан боғланган дўстлик ришталари ҳам у даражада мустаҳкам эмас, кун келиб вақт қиличи бу ришталарни ҳам узади.
Чин дўст – жон дўстдир. Чунки у сизга жони билан боғланган бўлади. Сизнинг қўлингизга санчилган тиканнинг оғриғи унинг қалбигача етиб боради. Шунинг учун у сизни борингизда ҳам, йўғингизда ҳам ҳимоя қилади, сиз учун жонини тикади. Жон эса бу дунёнинг хилқати эмас. У жасад каби тупроққа қўшилиб кетмайди, балки Яратганнинг ҳузуридан қандай тушган бўлса, шундай ҳузурига кўтарилади. Демак, дунё чегараларидан ошиб, охират чегараларига ўта олган дўстлик – ҳақиқий дўстликдир. Аллоҳ йўлидаги бундай дўстинг ўт ичида қолса, уни қутқариш учун ўтга кирсанг арзийди, дўстингни асра, гарчи ўзинг ёниб кетсангда!
Гарчи йўл беришингга муносиб бўлмаса ҳам, унга йўл бер.
Изоҳ. Кибрни синдиришнинг қандаям гўзал усули! Кибр иймондан айиради. Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Ўзи ҳақ бўлатуриб, баҳсу мунозарадан кечоладиган бўлмагунча банданинг иймони комил бўлмайди” (Абул Фатҳ ал-Бустий).
Иймондек бебаҳо гавҳардан маҳрум бўлиб қолмаслик учун мўмин дунёнинг ҳар қандай хорлигига, маломатига тайёр. Қаршисидаги киши гарчи йўл беришга муносиб бўлмаса ҳам, унга йўл берар экан, мўмин инсон бу билан ўзини хорланган ҳисобламайди. Шунингдек, катта иш қилиб қўйгандек ўзидан фахрланмайди ҳам. Чунки у бу иши билан оддий бир мўминнинг феълини қилди, гўё йўлда ётган бир тошни четга олиб қўйди.
Муҳаммад ибн Омир ШИБРАВИЙ
Рашид ЗОҲИД таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws