Фарзандингиз одамови бўлмаслиги учун
Болалар катталарга ҳар доим ҳам ҳис-туйғуларини ошкор этавермайдилар. Бунга кўпинча ота-онанинг ўта қаттиққўллиги, боланинг ҳар бир ишини, гапини танқид қилавериши сабаб бўлади. Бола ўз фикрларини баён қила олмайдиган, ўзига қарши ноҳақлик қилинса ҳам, ичига ютадиган, тенгдошларига қўшилмайдиган, одамови, бўш-баёв бўлиб улғайишига, афсуски, ота-оналарнинг ўзлари сабабчи бўлишади.
Бундай болаларнинг қалбларида ҳеч кимга айтмай сақлаган гаплари турли руҳий-жисмоний касалликларга йўл очади. Инсондаги қўрқоқлик, журъатсизлик болаликдан нотўғри ёндашилган тарбия асорати ҳисобланади.
Бола ўз туйғуларини эркин ифода этолса, ижобий ва салбий ҳисларини биров билан ўртоқлашсагина, у ички изтироблардан халос бўлади, роҳатни, бутун ички олами ила хотиржамликни туяди.
Баъзида болалар оддий гапларини ҳам ошкор қилишга қўрқадилар. Айтсам, устимдан кулишади ёки танқид қилишади, менинг фикрим ҳеч кимга қизиқ эмас, деган хаёллар қуршовида қолиб кетади. Оқибатда одамови бўлиб қолади.
Ота-она фарзандининг кўнглидан нима ўтаётганини ҳис қилиши, унинг ички дунёсига бефарқ бўлмаслиги, ғам-ғуссалар уни еб битиришига йўл қўймаслиги зарур.
Она ҳикояси: «Ўғлимни ғамгин ҳолда кўрсам, ундан нима бўлаётганини сўрайман. “Болажоним, нима бўлди, гапир, нималарни ўйлаяпсан, нега сиқиляпсан?” деб кўнглидан кечаётган ҳисларни билишга ҳаракат қиламан. Агар ўғлим менга айтишга ийманса ёки ўзини ноқулай сезаёганини пайқасам, унга ўзини қийнаётган муаммоларини бир қоғозга ёзиб беришини сўрайман.
Болам ичидагиларни айтиб ёки қоғозга ёзиб, ўзини енгил ҳис этади. Мен ҳам болам нимадан азоб чекаётганини биламан ва унга малҳам бўлишга интиламан. Аксинча бўлса, мен ҳам, у ҳам қийналади. Натижада она ва бола ўртасида муаммолар келиб чиқа бошлайди».
“Фарзанд тарбиясидан 700 та сабоқ”дан олинди.
Тавсия
Ёши улуғ бир аёлдан фарзандларининг салоҳияти, муваффақияти ва унга нисбатан яхши муомала ва эҳтиромлари сабабини сўрашди. У аёл: «Ҳар доим нафл намозларимдаги саждаларимда ҳақларига ушбу дуони ўқийман: “Аллоҳуммарзуқний ва ийяҳум ъилман наафиъа, варризқон ваасиъа, вал қолбал хоошиъа, вал ъамалас солиҳ. Варзуқний бирруҳум, варзо ъанний ва ъанҳум”. Маъноси: “Аллоҳим! Мени ва уларни фойдали илм, кенг ризқ, қўрқувчи қалб ва солиҳ амал ила ризқлантиргин. Мени уларнинг яхшилик ва мурувватлари ила ризқлантиргин. Мендан ва улардан рози бўлгин…”»
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws