Ўн бир йилдирки, синовлар ичидаман
“Мўминалар” журналининг 3-сонида “Эркаклар шафқатли, оилапарвар бўлишлари лозим” сарлавҳаси остида зўравонликка учраган аёлларнинг аччиқ тақдири, давлатимизнинг уларга кўрсатаётган ғамхўрликлари қаламга олинган эди. Бугун унинг давоми ўлароқ, икки фарзанди билан яшаётган аёлнинг сабоқ бўларли тақдиридан ҳикоя қиламиз.
Аллоҳ таоло Моида сурасида огоҳлантиради:
“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳнинг иқоби (азоби) шиддатлидир” (2-оят).
Ҳаловатини ўйлаб ҳақиқатни айтмай, “танимаймиз” деган қўшнилар, қиз олгунча ёлғон ваъдаларни бериб, мунофиқлик қилган, тўйдан кейин зулм йўлини тутган қайнота-қайноналар, қизи тақдирига бефарқ бўлган кишилар огоҳ бўлсин! Зўравон ўғил ўстирган, андишасиз қиз улғайтирганларга шу келин каби аёллар тақдири, ногирон бўлиб қолган, руҳий носоғлом болаларнинг изтироби сабоқ бўлса, ажаб эмас.
– Мен барчасини борича айтиб бераман, фақат исмимни ёзмайсизлар, – дейди кўзида ёш билан аёл. – Кўзлари чаросдай қизимнинг кулгисидан, шўх ўғлимнинг серсаволлигидан завққа тўламан. Бугун мени ҳаётга боғлаб турган, курашга ундаётган шу митти жуссаларда айб йўқ, дейман ўзимга ўзим. Икки ойдирки, озгина ҳаловат туймоқдаман. Ҳали ҳам эримнинг кириб келишидан, болаларимни мендан тортиб олиб, ҳақоратлаб уришидан қўрқиб кетаман. Мен 11 йилдирки, синовлар ичидаман. Келин ким ўзи? Ўзга уйдан олиб келинган хизматкорми ёки ҳақорат қилишга, силташга муносиб инсонми? Кимнингдир аламини кўтарадиган, кейин ташлаб юбориладиган буюмми?!
Феруза (исми ўзгартирилган) дабдурустдан дардини тўкиб-солганидан хижолат бўлди. Унинг айтишича, ажримга қарор қилиб уйига кетганидан кейин эри таъқиб қила бошлаган. Аслида, болаларининг тақдири, ўзининг саломатлигидан хавотир олгани учун уйдан чиқиб кетган. Сабаби, бир неча марта руҳий ҳолати боис жонига қасд қилишга уринган. Ота уйида ҳам таъқиблар кучайиб, SMSли таҳдидлар кўпайган. Қонуний ажрим ва бошқа ишларни хотиржам ҳал қилиш, барчасини унутиш, кейинги тақдирини ўйлаб кўриш мақсадида шу ерга келган. Аёллар реабилитация маркази нафақат психологик, ҳуқуқий ёрдам ҳам кўрсатади, балки кучли назорат ва аёлларни соғлом ҳаётга тайёрлаш ишларини амалга оширади.
Шу пайт онасига талпинган 1 ёшли Ясминани (исми ўзгартирилган) бағрига олганча жим қолди. Бу қиз онасининг юзидан кўзини узмасди, назаримда митти жуссаси билан онасининг хафалигини, кўз ёшларини англарди. Бироз ўзига келгач, сўзини давом эттирди.
– Онам тўйдан аввал куёвни суриштиришга борди. Ҳар гал қўшниларнинг “Бу оилани билмаймиз!” деган жавобларидан ҳам ҳеч нарсани тушунмагани учун ўзини айблайди. Қайнонам ўғлининг тадбиркорлигини, ўзларининг яхши шароити ҳақида айтиб, ҳеч қачон бажарилмаган ваъдаларни берди. Тўйдан кейин эрим ҳақорат қилар, дўппослар эди. Қиз бола қанча соғлом бўлмасин, гўзал тарбияланмасин, ёмон оила бир йилдаёқ уни синдирар, ҳаётини барбод қилар экан. Мен йиллар давомида бир кун бўлса ҳам, эримдан ҳақорат эшитмаслик дардида яшадим…
“Агар банда ёлғон гапирса, унинг сассиқ амалидан фаришта ундан бир мил узоқлашади” (Имом Термизий ривояти).
Ёлғон билан бошланган ҳаётда хайр йўқ. Бугун Феруза каби қизларни алдаб келин қилиб, бахтсиз қилаётганлар Аллоҳдан қўрқмасмикин? Зеро, динимизда мунофиқлик дўзахийларнинг аломатидир.
– Эрим тунги 2:00 га қадар телефон ва телевизордан бўшамасди. Тушдан сўнг бирров машинада кира қилади-ю, яна уйга келиб ётволарди. “Ўғлим уйланса, қуйилиб қолади”, деб уйлантиришган экан. Ахир, келин ўғилнинг тарбиячиси эмаску! Аксинча, биз аёллар эрга итоат этиб, улардан ўрнак олишимиз керак эмасми?!
Шу вақт хонага 11 ёшли Нодир (исми ўзгартирилган) кириб келди. Қувноқ, лекин тилида нуқсони бор, фикрини ифодалай олмайдиган бола онасидан рухсат сўрар, ҳар бир ишни қўрқиб бажарар, бирор хато иш қилса: “Мендан хафамасмисиз? Уришмайсизми?!” дерди. Ҳа, бу аёл шунча руҳий босим ичида ҳам болаларидан аламини олмагани кўриниб турарди.
– Ўғлим кичиклигида кўзларини тез-тез юмиб очадиган бўлиб қолди. Унга неврастения ташхиси қўйилди. Ҳомиладорлигимда эрим кўп урарди. Бошимга зарбалар еганман. Ота-онамникида даволанардим. Баъзан бундан уялиб, касаллигимни оёқда ўтказган вақтларим бўлди. Ўғлим туғилганидан кейин ҳам мени ҳақоратлаб урарди. Катта бўларкан, унга ҳам бақирарди. Отаси кетгач, ўғлим юзларимни силаб: “Ойижон, хафа бўлманг, сиз энг яхши ойисиз, катта бўлсам, ҳамма нарса олиб бераман”, дерди. Ҳар бир фарзанд соғлом муҳитда улғайсин экан. Аксинча бўлса, боланинг руҳи синиб, бетоб ёки заиф бўлиб қоларкан…
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда:
“Мусулмон ўз биродари мусулмонни масхаралаб ҳақорат қилмоғи унинг ёмон эканига кифоя қилади”, дейилади.
Феруза оғир хўрсиниб: – Мен учун энг оғири ота-онамни ҳақорат қилганидир. Отам жуда меҳрибон, содда инсон. Мен ҳамиша отам билан фахрланаман… – деди.
Феруза ҳали ҳам ўзи ва фарзандларининг келажагидан хавотирда. У ердаги аёлларнинг юзи кулса-да, кўзи маъюс. Болалар шодон ўйнаяпти, бироқ улар ҳамон бегонани кўрса, ҳадиксирайди. Ким уларни шу кўйга солди, уларни бу ерга келтирганлар кимлар? Ўзимиз! Ота-оналар, қўшнилар, қариндошлар… Ҳаловатини, нафсини, хотиржамлигини ўйлаган ҳар бир кимса!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
“Киши ўз биродарига, у золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам, ёрдам берсин. Агар у золим бўлса, уни қайтарсин (зулмдан тўхтатсин). Бу унга берган ёрдами бўлади. Агар мазлум бўлса, унга ёрдам берсин” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).
Камола АДАШБОЕВА ёзиб олди.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws