Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради
Ислом тозалик ва покизалик динидир. Шу боисдан мусулмонлар кунига бир неча марта покланади, ҳафтасига бир бўлса-да, ғусл қилади. Кийимини, уй-жойини, ибодат ўринларини тоза тутади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло ўзини тоза тутувчи кишиларни яхши кўриши ҳақида бундай марҳамат қилган: “Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради” (Тавба сураси, 108-оят).
Моида сураси 6-оятида эса: “Эй иймон келтирганлар, намозга турган вақтингизда юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқларигача ювинг, бошларингизга масҳ тортинг ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювинг)”, дея таҳорат олиш баён қилинган.
Мазкур оятлар Исломнинг мукаммал поклик дини эканлигини яққол намоён этади. Зеро, поклик инсон учун берилган энг буюк неъмат бўлиши билан бир қаторда, ибодатлар қабул бўлишининг асоси ҳамдир. Мусулмон киши бир кунда беш маҳал таҳорат олар экан, аксар аъзоларини сув билан поклаши баробарида ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом бўлади. Таҳоратнинг мукаммал бўлиши эса Аллоҳга қурбат ҳосил қилишнинг бир йўли ҳисобланади. Шу тарзда пок бўлиб Аллоҳ таолонинг ибодатига киришади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратнинг фазилатлари ҳақида бундай марҳамат қилганлар: “Агар мусулмон банда таҳорат қилса ва ғарғара қилса, оғзидан хатолари чиқиб кетади. Агар бурнини чайса, ундан хатолари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан хатолари тўкилади, ҳатто кўзининг остидаги гуноҳлари ҳам. Агар икки қўлини ювса, қўлларидаги хатолари тўкилади, ҳатто тирноқлари остидагилари ҳам. Агар бошига масҳ тортса, бошидаги барча хатолари тўкилади, ҳаттоки қулоқларидаги гуноҳлари ҳам. Агар оёқларини ювса, оёқларидаги хатолари тўкилади, ҳаттоки тирноқлари остидаги хатолари ҳам. Сўнгра унинг масжидга юриши ва намози унинг учун нафл бўлади” (Имом Молик ривояти).
Поклик борасида Расули акрам бутун умматга ўрнак бўлганлар. Ўзлари доим таҳоратда бўлар, тишларни тоза тутишга ҳам кўп тарғиб қилар эдилар: “Тишларингизни мисвок билан тозалаб юринглар ва тозаликка одат қилинглар”; “Агар умматимга машаққат бўлмаганида эди, ҳар намоздан олдин мисвок қилишга (яъни тиш тозалашга) буюрар эдим” (Имом Термизий ривояти), дея таълим берганлар.
Аниқланишича, мисвок инсоннинг тишларини мустаҳкам, покиза тутиши билан бир қаторда милк ва тиш касалликларини олдини олади, кўзни равшан қилади, овқат ҳазмини яхшилайди, турли микробларни ўлдиради.
Бир сўз билан айтганда, динимиз инсонни ҳар томонлама пок бўлишга буюради ва унда кўплаб манфаатлар борлигини таъкидлайди.
Шундай экан, динимиз буюрган амаллар, Пайғамбаримиз суннатларига эътиборли бўлайлик. Зеро, уларни ҳаётимизга татбиқ этиш орқали икки дунёмиз учун кўплаб манфаатлар топамиз, иншоаллоҳ.
Умар Форуқ МАНСУРОВ,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси 4-босқич талабаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws