Қатарда ўсимликлар меросини асраш бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда
Қатардаги Ҳамад бин Халифа университети қошидаги Қуръон ботаника боғи делегацияси Иорданияга амалий-илмий ташриф уюштириб, ўсимликлар хилма-хиллигини муҳофаза қилиш ва экологик тизимларни тиклаш соҳасида фаолият юритувчи учта етакчи муассаса билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Ташриф давомида Иордания Қироллик ботаника боғи, “Водий” экологик уюшмаси ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг (IUCN) Ғарбий Осиё бўйича минтақавий офиси фаолияти ўрганилди.
Томонлар йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимлик турларини сақлаш, уруғлар банкини бойитиш, табиий ҳудудларни қайта тиклаш ва илмий тажриба алмашиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, икки мамлакат ботаника боғлари ўртасида гербарий намуналари ва нодир ўсимликлар уруғлари масаласида фикр алмашилди.
Қуръон ботаника боғи директори Фотима Солиҳ ал-Халифий мазкур ташриф Иордания Қироллик ботаника боғи билан имзоланган англашув меморандумини амалий босқичга олиб чиқиш ва ўсимликлар меросини муҳофаза қилиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Илёс АҲМЕДОВ тайёрлади.