Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари: Аллоҳ юзини ёруғ қилсин
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисни ёдлаб, бошқаларга етказган кишилар ҳақида бундай деганлар: “Биздан бир сўз эшитиб, уни қандай эшитган бўлса, шундай етказган кишининг юзини Аллоҳ ёруғ қилсин”(Имом Термизий ривояти).
Бу муборак дуо асрлар давомида муҳаддис уламоларга куч ва ғайрат бағишлади. Улар ҳадисларни тўплаш учун чўл-саҳроларни кездилар, узоқ мамлакатларга сафар қилдилар, очлик ва қийинчиликларга сабр қилдилар. Баъзи муҳаддислар атиги бир дона ҳадисни текшириш учун ойлаб йўл босганлар.
Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ ҳам мазкур ҳадисни шарҳлаб, айтадилар: “Муҳаддислардан ҳар бир кишининг юзида ушбу ҳадис(даги дуо) сабабли нур ва тароват бўлади”.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ муҳаддисларнинг мақоми ҳақида айтганлар: “Ҳар бир замондаги муҳаддислар ўз замонидаги саҳобаларга ўхшайдилар. Мен бирор муҳаддис олимни кўрсам, гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирини кўргандек бўламан”.