…Ҳар мақомга йўрғалар
Ота-онаси тиш дўхтирига олиб чиққан олти ёшли Улуғбекни кўрикдан ўтказган шифокор: “Опа, қўрқитмайман-у, лекин тажрибалироқ стоматолог кўрсин. Бу оддий шишга ўхшамаяпти”, деб уларни вилоят болалар стоматология клиникасига юборади. Клиникадаги стоматолог эса боланинг милкини рентген қилиб, “Бу оддий киста-ку! Институтни коридорда битирган ёшлар ваҳимачи-да”, деб ўша куниёқ кистани кесиб ташлайди. Ваҳоланки, у оддий киста (хавфсиз шиш) бўлмаган, аввал муолажа билан кичрайтириб, сўнг махсус жарроҳлик йўли билан олиб ташланиши шарт бўлган хавфли саратон ўсимтаси бўлган.
Кўр-кўрона тиғ теккизган “тажрибали” тиш дўхтирининг касофати билан бир болакай икки йилдан бери Туркияда даволанаётган экан. Оила бор-будини сотган. Бўйнигача қарзга ботган. Улар билан учрашиб, дилим вайрон бўлди.
– Тиш дўхтири айбини тан олмай, бунинг ўсимта эканини фарқламай, яна икки марта операция қилди, опа. Биз ҳам унга ишониб юраверибмиз. Охирги амалиётда кесилган жойдан намуна олиб, гистологияга текширув учун жўнатди. Шундагина боламда саратон борлиги аниқланди. Ўшанда ҳам дўхтирнинг бир туки “қилт” этмабди. Ҳатто кечирим ҳам сўрамабди. Пойтахтдаги клиникага битта йўлланма берибди, холос. Халқимиз: “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деб бежиз айтмаган.
– Пойтахтда даволанмадингизми?
– Докторни рози қилдик, лекин у даволай олмади. Кундан-кун сўлиб бораётган боламнинг тортаётган азобларига чидолмай, Туркияга келдик. Бу ерда боламнинг ҳолати бироз яхшиланди. Бироқ “Кошки ҳеч тиғ теккизмасдан келганингда эди”, деб бош чайқашяпти…
Охирги пайларда стоматологлар хатосининг оғир оқибатларига бешинчи бор гувоҳ бўлишим. Бу ҳолат бутун соҳа учун аламли дарсдир. Ўша тиш шифокорининг етарли билим ва таҳлилсиз ҳаракати биз учун фожиадир. АҚШ, Германия, Япония ва Туркия каби мамлакатларда ҳар қандай шубҳали ўсма ёки милк шишида стоматолог бир ўзи ташхис қўйишдан тийилади. У онколог, гистопатолог ёки педиатр билан маслаҳатлашмасдан жарроҳлик қилмайди. Қонунчилик ва ахлоқий жавобгарликни унутмаслик лозим.
Бу каби ҳолатлар учун, албатта, суд-тиббий экспертиза механизми ишлаши керак. Зеро, болалар тажриба қуёнчаси эмас! Тизим ўзгармаса, эртага яна кимдир “Оддий киста-ку!” деб хавфли саратонни кесиб ташлаши мумкин. Шу боис стоматологик таълим, тиббий маданият ва профессионал жавобгарлик – бугун ислоҳ қилиниши шарт бўлган соҳалардан бири деб ўйлайман.
Муаззам ИБРОҲИМОВА
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws