Касофати хаммага урадиган иллат
Зино барча самовий динларда ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло зинонинг ўзигагина эмас, балки унга олиб борувчи ҳар қандай ҳаракат ва гапларга ҳам қатъий тақиқ қўйган. У зинони фаҳш ва ёмон йўл деб атаган.
«Зинога яқинлашманглар! Албатта, у фаҳш ва ёмон йўлдир» (Исро сураси, 32-оят).
Раббимиз мўминларни сифатлаганида уларнинг иффатларини асрайдиган, зино қилмайдиган инсонлар эканини зикр қилган (Фурқон сураси, 68-оят).
Зинонинг тақиқланиши ҳикмати
Зино – жамиятнинг асосий бўғини бўлган оилага зарар етказади. Эр-хотин ўртасидаги ишонч ва меҳрни йўқ қилади. Наслнинг кимга тегишли эканини мавҳумлаштиради. Одамлар ўртасида ишончни заифлаштиради. Жамият аъзолари бир-бирига шубҳа билан қарай бошлайди. Ҳар ким ўз номуси ва аҳли учун хавотирга тушади, бу ҳолат зўрлаш ва бошқа жинсий зўравонликлар хавфини оширади.
Шу сабабдан Исломда зино учун жазо тайин қилинган. Бу жазо инсонларни ушбу гуноҳдан қайтариш ва ҳимоялаш учун кучли воситадир. Тарбияланмаган инсон ўзининг ҳайвоний нафсининг қулига айланади. Ислом эса инсоннинг шарафли, мукаррам қилиб яратилганини эслатади.
Зинонинг жазоси
Фаҳш ва жирканч иш сифатида таърифланган зино – Ислом ҳуқуқида оғир жазога сабаб бўлади. Бу жазо – фақат гуноҳкорни жазолаш учун эмас, балки инсонларни бу ишдан қайтариш ва эҳтиёт қилиш учун жорий этилган.
Моҳиятан, бу жазо – гуноҳкорлар учун маънавий покланиш, гувоҳлар учун эса ибрат ва огоҳлантиришдир. Ислом ҳамма нарсада раҳм-шафқатни тавсия қилган дин бўлса-да, бу масалада раҳм қилиш зикр этилмаган.
Нега? Чунки бу қилмиш Аллоҳнинг ҳудудларини бузиш бўлиб, у жамиятга ва омма иффатига улкан хатар солади. Муҳими, бу масалада кескинлик билан бошқаларга ҳам жиддий огоҳлантириш берилади.
Иффатни асраш йўли
Ислом инсоннинг фитрати ва эҳтиёжларини инобатга олади ва ўша эҳтиёжларни ҳалол, шаръий йўллар орқали қондиришни таълим беради. Чунончи, жинсий алоқага бўлган эҳтиёж инсоннинг табиатида мавжуд. Бу наслни кўпайтириш ва соғлом руҳият учун зарур. Шунинг учун Ислом уни мутлақо тақиқламаган, балки никоҳ орқали ҳалол қилган. Эр-хотин ўртасида жинсий ҳаётни шаръий бурч сифатида белгилган. Бундай чоралар иффатни асраш ва жамиятда фаҳшнинг олдини олиш учун муҳим воситалардир.
Шайтоннинг инсонни йўлдан оздириш борасидаги биринчи ҳаракати Одам алайҳиссалом ва унинг жуфти Ҳаввонинг кийимларини ечишга бўлган уринишидир. Жоҳилиятнинг бугунги кунда яланғочликка бунчалик аҳамият бериши, яланғочлик ва бузуқликни мақтовчи ҳамда унга рағбат уйғотувчи сериал ва фильмларга, китоб нашрларига миллионлаб маблағ сарфлаши – шайтоннинг ана ўша биринчи амали замирида яширинган. Аёлни фақат жинсий объект сифатида кўрадиганлар жамияти яланғочлик ва фаҳшни тарғиб қилиб, барча аёлларни ўзлари учун олиб-сотиладиган, фойдаланиб ташланадиган молга айлантиришга ҳаракат қилади.
Бундай жамиятда ҳаё, одобахлоқ ва ор-номус тушунчалари йўқолади, тараққиёт ва илгарилаш китоб жавонларида чангга ботиб ётади. Ахлоқдан фақат “этика”, яъни “нафосат” деган нарса қолади холос. Аммо у ҳам иккиюзламачилик, намойишкорлик учун бўлиб, фақат одамлар олдидагина яхши кўринади. Парда ортида эса кўнгилни айнитадиган фаҳш-зино денгизи мавж уради. Шундай экан, жамиятнинг тинчлигини, миллатнинг соғлигини сақлаб қолишнинг ягона йўли – зинодан узоқ бўлишдир. Зинокор кимса, албатта, бир балога учрайди ва бу иш Раббимиз ояти карималарида огоҳлантирганига биноан бўлади. Зинокорнинг юзидан нури кетади, ризқи камаяди, умрида барака бўлмайди. Охиратда эса Аллоҳнинг ғазабига учрайди, ҳисоб-китоби қаттиқ бўлади, унга шиддатли азоб тайёрлаб қўйилган.
Энг ёмони шуки, зинокорнинг касофати бутун жамиятга уради. Бедаво касалликлар, табиий офатлар авж олади. Шунинг учун ҳам зинокорликнинг ёйилишига асло жим қараб турмаслик керак. Бундай иллатга ҳар бир оқил киши қарши курашмоғи лозим.
Худойберди ҚОСИМОВ,
Нуробод тумани «Нурдим ота» жоме масжиди имом ноиби
(Д. ЖУМАҚУЛ уюштирди).
http://hidoyatuz.taplink.ws