Минимализм: КАМТАРОНА ҲАЁТ САРИ ЙЎЛ
(Давоми. Бошланиши ўтган сонда)
Минимализм бу “ҳамма нарсадан воз кечиш” эмас. Бу нафақат жойингни, балки онгингни ҳам ортиқча ўй-хаёллардан, юкдан тозалаш. Минимализм “Менга шундан бошқаси керак эмас”, “Шуниси ҳам етарли” деган қарор. Аслида бу сўзнинг бизда ҳам муқобили бор, шукр ва қаноат, кўзи тўқлик. Демак, минимализм йўлини танлаган одамни биз бемалол кўзи тўқ одам десак ҳам бўлади.
Ахир моддий буюмлар сони камайган сари инсон қалбида бошқа нарсалар учун жой очилади: сукут, нафас олаётганингни ҳис этиш, фикрлаш ва ички хотиржамлик. Бу оддий, аммо ғоят қимматбаҳо неъматлар бизга одми ҳаёт йўлини танлашимиз орқали берилади.
Агар кўпчилик “камроқ исташ” ғоясини қабул қилса, исрофгарчилик камаяди, муҳтожларга ресурслар етади, табиат нафас олади. Аслида минимализм фақат шахсий эмас, кўпроқ ижтимоий аҳамиятга эгадир.
Оддийликни исташ жамиятга қандай ижтимоий таъсир қилади?
Хонангизда жим ўтирганча атрофни кузатинг. Ҳар тарафда нарсалар: бир марта кийилган либослар, “бир куни керак бўлар” деб сақланган идишлар, чанг босган китоблар – қадрсизланган мулк. Ҳар бири гўё сизга қараб турибди, лекин бирортаси ҳеч нарса бермаётгандек. Минималистларнинг кўпчилиги шундай ҳисларни бошидан кечиришган ва ҳашаматли ҳаётни ортда қолдириб, шкафларини бўшатишган, кераксиз буюмларни ҳадя қилишган ва шунда енгил тортиб, хотиржам нафас олишган.
Жошуа ва Никодем айтганидек: “Олдинги ҳаётни – нарсаларни йиғишни тўхтатганимизда, бу ҳаёт бизга “сўзлай” бошлади”.
Гап Жошуа Милберн ва Раян Никодем ҳақида кетаётганини эсдан чиқармайлик. Жошуа билан боғлиқ куртка воқеаси қанчадан-қанча одамларнинг турмуш тарзини ўзгартирмади дейсиз. Воқеа бундай сюжетдан иборат. Бир куни кўчада нотаниш одам Жошуанинг курткасини кўриб: “Вой, бу жуда зўр экан!” дейди. Минималист эса ўйламай туриб, жавоб берди: “Аслида бу менинг мулким эмас, бу – вақтинча устимда турган буюм холос”. Ва у курткани ечиб нотаниш одамга бериб юборади. Бу жуда кичик, лекин жуда кучли лаҳза бўлган. Чунки унинг учун бу куртка энди мулк эмасди, балки бир пайтда зарур бўлган буюм. Қолаверса, бу ҳаракати қалбига мулкка тобеликдан чиқиш қувончини ҳис эттирган.
Жошуа кейинчалик шундай изоҳ берган: “Биз жамиятда мулк одамни ҳимоя қилади, кучли кўрсатади, деб ўйлаймиз. Аслида эса мулк одамни боғлаб қўяди. Бир нарсани ҳадя қилган пайтингда сен мулкдан эмас, унга боғланиб қолишдан озод бўласан”. Жошуа учун ҳам бу куртка шундай нарса эди. У ҳадя қилганида, нафақат бир одамни хурсанд қилди, балки ўзини маълум маънода озод қилди. Бу воқеа кейинчалик унинг маърузаларида “Giving as Freedom” (“Ҳадя бу – эркинлик”) шиорига айланди. Қанчадан-қанча одамлар ортиқча нарсаларидан воз кечишга, ҳадя қилишга ўрганди.
Ҳаётимиздаги энг олий неъмат бошқаларга бера олган меҳримиз эмасми? Масалан, ортиқча кийимларни кимгадир ҳадя қилсангиз, эҳтиёжманд учун қувонч, бир техника бошқа бир хонадон учун қулайлик, оддий ҳадя – кимгадир “менинг қадрим бор” деган ҳисни беради. Баъзан биз моддий бойликка чўмганимиз сари қалбимиз тораяди. Аслида эса ҳақиқий бойлик – ортиқчасини улашишда.
Кўп одамлар минимализмни фақат бўш хона, оқ деворлар, минимал мебел ва интерьерлар билан боғлайди. Лекин минимализм оддий бир кўк шиша идиш, шунчаки хотира эмас, балки ҳаёт яшаш тарзи бўлиши керак. Яъни қанча кам нарсага эга бўлсак, шунча кўпроқ яхшилик қилиш имконимиз бўлади.
Менга идиш берган аёл хонадонида ортиқча нарса сақламасди. Уйи ҳамиша ҳаводек тоза ва озода кўринарди. Ҳозир англаяпманки, у ўзи билмаган ҳолда нафақат озода ёки камтарона яшаган экан. У менга қилган кичкина ҳадяси орқали ғоя ҳам берди: боринг билан бўлиш…
Минимализм бу нафақат кўп нарсаларни истамаслик, оз нарсаларга қаноат қилиш, балки инъом қилиш маданияти ҳамдир. Камроқ нарса билан ҳеч кимга муҳтож бўлмаслик, бошқаларга ҳожатбарорлик фазилатидир.
Ҳар сафар кўк идишни кўрсам, ўша онахонни эслайман, ҳозир янада тиниқроқ хотирлаяпман, у ўшанда: “Ортиқча нарсаларни йиғишни хоҳламайман, юк мени босиб тургандек бўлади, ортиқча нарса қўлимга илинса, бировга улашгим келади, нарса тўплашга ҳушим йўқ…” деган эди.
Шиша идиш ҳам, Жошуа Милберн ҳадя қилган куртка ҳам бу – оддий буюм эмас. Яъни уй ичи ҳаводек енгил, озода. Онахон ҳам, курткасини нотаниш одамга берган Жошуа ҳам бир хил ҳаёт тарзини – минимализмни танлаган эди.
Ортиқча буюмларни тўплаш кўзга кўринмас юк. Ана шу ерда бироз тўхтаб тин олинг, сиз ўша ортиқча нарсалар учун кўп пул ишлаб топишни истамаяпсизми? Ҳар биримизда “кўк шиша идиш” бор, уни топиш ўзингдаги ортиқча буюмни кўриш, уни улашиш эса енгил нафас олишни қайта ўрганиш демакдир. Минимализм шундай гўзал ва шундай оддий ғоядир.
Истамайсанми, эй Умар?..
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кунларнинг бирида хонаи саодатга кирдилар ва у ерни кўздан кечирдилар. Хонада хурмо япроқларидан тўқилган бўйра, уй четида бир идишда 3-4 ҳовуч арпа уни ва четроқда илинган сув мешидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.
Оламлар Сарвари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бор-будлари шулар эди. Бўйра у зотнинг муборак таналарида из қолдирар эди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу йиғлаб Набий алайҳиссаломга:
– Ё Расулуллоҳ, Рум ва Византия императорлари шоҳона ҳаёт кечирмоқдалар. Сиз эса…
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрати Умарни юпатиб:
– Эй Умар, дунё уларники, охират эса бизники бўлишини истамайсанми?.. – дедилар.
Барно СУЛТОНОВА,
журналист
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws