Кечиримли мўминнинг фазилати
Муҳаммад ибн Ҳанафия айтади: “Дуо тўрт хил бўлади: рағба – умид ва рағбат дуоси, раҳба – қўрқув ва паноҳ тилаш дуоси, тазарру – ёлвориш, бўйин эгиш дуоси ва хуфя – махфий дуо. Хуфя дуосида овоз чиқармай, сассиз – қалб билан дуо қилинади”.
“Фатавои ҳиндия”
* * *
“Гуноҳлар – қалб (нафс) хасталиги. Унинг шифоси Аллоҳ таолони, Унинг сифатларини ҳамда буйруқ ва қайтариқларини таниш (маърифат)дир. Агар бу маърифат ҳосил бўлса-ю, гуноҳ барибир йўқолмаса, бу худди дори ичиб, тузалмаган беморга ўхшайди. Бу эса касалликнинг оғирлиги ва муолажаси анча қийин кечишини англатади. Худди шундай, Аллоҳни таниган ва Унинг динини биладиган кишининг гуноҳ содир этиши – қалбидаги хасталиги ўта кучайиб, энг оғир даражага етганидан далолат беради”.
Имом Фахриддин Розий раҳимаҳуллоҳ
* * *
“Аллоҳга итоат қилувчиларнинг ҳеч бирига ҳам ёмонлик истаманг (нафрат қилманг). Омма – оддий кишилар учун ҳам, хос – фазилатли кишилар учун ҳам раҳм-шафқатли бўлинг. Сиз билан алоқани узишган бўлса-да, қариндошларингиздан алоқани узманг. Сизга зулм қилган кишини афв этинг – шунда пайғамбарлар ва шаҳидларнинг ҳамроҳи бўласиз”.
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 13-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws