Очкўзликнинг оқибати – ҳалокат
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Зулмдан сақланинглар, чунки зулм қиёмат кунида зулматдир. Хасис, зиқналикдан сақланинглар, чунки хасислик сизлардан аввалгиларни ҳам ҳалок қилган: уларни ўзаро қон тўкишга ва ўзларига ҳаром қилинган нарсаларни ҳалол деб билишгача олиб борган” (Имом Муслим ривояти).
Ҳар бир нарсани лойиқ бўлмаган ўрнига қўйиш зулм бўлади. Журжоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Зулм шариатда ҳақдан ботилга оғишдир. Шунингдек, ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва ҳаддидан ошиш ҳам зулмдир”.
“Зулмдан сақланинглар”. Ибн Аллон раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бандаларга, жумладан, ўзингизга зулм қилишдан узоқ бўлинг. Нафсга шаръий ҳақини бермаслик ёки уни Аллоҳга осий бўладиган ҳолда қўллаб-қувватлаш ва гуноҳ ишларда унга бўйсуниш ҳам зулм бўлади”.
Мулла Али Қорий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Зиқналик ва бошқа ёмон одатлар, қабиҳ амаллардан иборат зулмдан сақланинг, деганидир”. Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Барча гуноҳлардан сақланинг, уларнинг энг каттаси ва энг оғири ширкдир”.
Муновий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шариат бешта нарсани – жон, насл-насаб, номус, ақл ва молни ҳимояси учун келган. Зулм айнан ана шу нарсаларда ёки уларнинг баъзисида содир бўлади”.
Зулмнинг қабиҳ жиҳати шундаки, у одатда ночор, заиф ва ҳимоясизларга нисбатан қилинади.
“Зулм қиёмат кунида зулматдир”. Ибн Ҳубайра раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ҳадиснинг маъноси шуки, зулм аслида кишининг қалбида нур йўқлиги ва нарсаларни асл ҳолича кўра олмаслиги сабабли содир бўлади. Агар унинг қалбида нур бўлганида эди, яқин орада бу дунёсиданчиқиб, мазлум билан ёлғиз қоладиган, ўрталарини ҳеч ким тўса олмайдиган ҳисоб-китоб майдонига боришини англаган ва ўзгаларга зулм қилишдан тийилган бўлар эди. Золим зулмидан тўхтамаса, унинг дунёси ва охирати тун қоронғилиги каби бўлади. У зулматдан зулматга ўтаверади, дўзах эса қоп-қора зулматлидир”.
“Хасисликдан сақланинглар”. Мулла Али Қорий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Хасис, зиқналикнинг алоҳида зикр қилинишига сабаб унинг зулм турлари ичида энг ёмони эканидандир. Зеро, хасислик бузғунчиликларнинг манбаи ва дунёпарастликнинг натижасидир”.
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Зиқналик бахилликдан кўра ёмондир. Бахиллик кўпинча муайян ва хусусий ишларда бўлади. Зиқналик эса инсон табиатига айланган ажралмас бир сифатдир. Баъзи олимлар: “Бахиллик молни қизғаниш, зиқналик эса ҳам молни, ҳам яхшиликни қизғанишдир”, дейишган».
“Хасислик сизлардан аввалгиларни ҳам ҳалок қилган: уларни ўзаро қон тўкишга ва ўзларига ҳаром қилинган нарсаларни ҳалол деб билишгача олиб борган”. Мол-дунёга бўлган ҳирс, очкўзлик уларни ман қилинган чегараларни бузишга, зўравонликка, ҳатто қотилликкача олиб борди.
Ибн Аллон раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бани Исроил қавмининг ўзига ҳаром қилинган ҳайвон ёғларини сотиб, пулини ейишларига, ов қилиш ҳаром бўлган шанба кунида ҳийла ишлатиб, балиқ овлашларига айнан мана шу очкўзликлари сабаб бўлди”. Мағрибий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ҳадис хасислик, зиқналикнинг ҳаром эканига далилдир. Зиқналикнинг ҳаромлик даражаси – шаръан ёки урфан вожиб бўлган ҳақларни бермаслик. Бундан ортиғини бериш сахийлик бўлиб, исрофга айланиб кетмаса, мақталган комил сифатдир”.
Акмал ИСМОИЛОВ,
Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани бош имом хатиби
(А. Холназаров уюштирди.)
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 13-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws