“World Halal Authority”ташкилоти“Indonesia Halal Awards 2026”мукофотигасазоворбўлди
IQNA – Италиянинг Милан шаҳрида жойлашган “World Halal Authority (WHA)” халқаро ҳалол сертификатлаш ташкилоти “Европа ҳалол сертификатлаш тизимида инновациялар ва экспорт салоҳиятини таъминлашдаги алоҳида ютуқлари учун” мукофоти билан тақдирланди.
Мукофот топшириш маросими Индонезиянинг Ҳалол маҳсулотлар кафолати агентлиги (BPJPH) томонидан ташкил этилди. Тадбир Жакарта шаҳридаги “The Trans Luxury Hotel” меҳмонхонасида бўлиб ўтган бешинчи “Halal 20 (H20)” саммити доирасида ўтказилди.
WHA ташкилотининг фаолияти ва ютуқлари
“BPJPH” ҳамкорлик ва шериклик масалалари бўйича директори, мукофот ҳаъйати аъзоси Фертиана Сантининг таъкидлашича, халқаро танловда турли мамлакатларда фаолият юритувчи, ўзига хос ишлаш усулларига эга ва жаҳон ҳалол экотизими ривожига ҳисса қўшаётган сертификатлаш ташкилотлари эътироф этилади.
“WHA” ташкилоти техник экспертиза, ўқув курслари, маслаҳат хизматлари ва сертификатларнинг ҳақиқийлигини текшириш имконини берувчи очиқ рақамли тизимни ўз ичига олган комплекс хизматларни тақдим этади.
Мукофот ғолибини аниқлаш жараёни ҳалол соҳаси, фармацевтика, меъёрий тартибга солиш, илмий тадқиқотлар, корпоратив бошқарув ва бизнес этикаси каби йўналишлар мутахассисларидан иборат тўрт нафар ҳакам иштирокида ўтказилган.
Экспортни қўллаб-қувватлаш механизми
“WHA” ташкилотининг муҳим хусусиятларидан бири – сертификатлаш жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиши ва мижозлар билан таваккалчиликни бўлишиш механизмини жорий этганидир.
Белгиланган шартларга мувофиқ, агар берилган сертификат мақсадли бозорда тан олинмаса, жорий йил учун сертификатлаш ва аудит харажатлари қоплаб берилиши мумкин.
Ҳакамлар ушбу ёндашувни ташкилотнинг бошқа Европа ҳалол сертификатлаш идораларидан ажратиб турувчи жиҳатлардан бири сифатида баҳолаган.
Саккизта соҳада фаолият
“WHA” хизматлари фақат озиқ-овқат маҳсулотлари билан чекланмай, қуйидаги йўналишларни ҳам қамраб олади:
- Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати;
- Соғлиқни сақлаш ва гуманитар ёрдам;
- Косметика ва гигиена воситалари;
- Умумий овқатланиш ва меҳмонхона бизнеси;
- Шахсий парвариш воситалари;
- Транспорт ва логистика;
- Кимё ва фармацевтика саноати;
- Молиявий ва суғурта хизматлари.
Ташкилотнинг расмий сайтида келтирилган маълумотларга кўра, WHA мингдан ортиқ мижоз билан ҳамкорлик қилган, 12 мингта сертификат берган, 5 мингта аудит ўтказган ва 25 минг турдаги маҳсулотни сертификатлаган. Шунингдек, ташкилот томонидан жами 5 минг соатлик ўқув машғулотлари ўтказилган.
Сертификатлаш жараёни дастлабки маъмурий ишлар, техник экспертиза, жойига чиқиб текшириш ва сертификат бериш каби тўрт босқичдан иборат. Очиқ электрон тизим орқали сертификат рақами, компания номи, маҳсулот тури, амал қилиш муддати ва сертификатнинг жорий ҳолатини текшириш мумкин.
Халқаро эътироф ва мукофотнинг аҳамияти
Фертиана Сантининг таъкидлашича, WHA ташкилотининг турли соҳаларни қамраб олиши ва экспорт билан боғлиқ таваккалчиликларни камайтиришга қаратилган механизми унинг мукофотга муносиб деб топилишида муҳим аҳамият касб этган.
Унинг фикрича, мазкур тажриба мусулмонлар кўпчиликни ташкил этмайдиган мамлакатлардаги ҳалол сертификатлаш идоралари учун ҳам намуна бўлиши мумкин. Бу Европа ишлаб чиқарувчилари эҳтиёжларига ва халқаро ҳалол бозори талабларига мос инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади.
“Indonesia Halal Awards 2026” доирасида халқаро номинациядан ташқари яна саккизта йўналиш бўйича ҳам ғолиблар тақдирланган. Улар орасида ҳалол маҳсулотларни инспекция қилиш идоралари, давлат корхоналари, сертификатлаш жараёнига кўмаклашувчи ташкилотлар, маҳаллий бошқарув органлари, озиқ-овқат, ичимликлар ва косметика ишлаб чиқарувчилари, молиявий муассасалар ҳамда соҳа етакчилари бор.
Ушбу мукофотлар ҳалол маҳсулотлар бозори ва унинг инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган ташкилотлар ҳамда мутахассисларнинг ютуқларини эътироф этишга қаратилган.
Интернет манбалари асосида Илёсхон Аҳмедов тайёрлади