Ҳизбичиларнинг мантиқсиз уринишлари
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларидаёқ ҳаққоний халифалик даврини аниқ айтганлар. У зот алайҳиссалом: “Халифалик ўттиз йилдир! Ундан кейин подшолик бўлади”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадис Пайғамбаримизнинг мўъжизаларидан бири бўлиб, унда айтилган хабар Расулуллоҳдан кейин ўттиз йил давомида ўз тасдиғини топди.
Маълумки, Ислом уммати учун тўрт рошид халифа бор. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум. Шу тўрт халифанинг раҳбарлик даври ўттиз йилга тўғри келган. Сўнгра подшолик даври бошланди. Ҳизбчилар халифаси бўлмаган умматнинг ибодатида наф йўқ, дейишади. Улар бу қарорга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини асос қилмоқчи бўлишади: “Ким имом (бошлиқ)сиз ўлса, жоҳилиятда ўлибди” (Имом Аҳмад ривояти).
Улар бу ҳадисга таяниб, халифалик масаласини Ислом арконларидан ҳам муҳим санаб, биринчи ўринга қўйишган. Бунинг оқибатида ўзлари ҳам адашиб, тобеларини ҳам залолатга бошлашган. Ҳадис эса мазмун жиҳатидан икки хил маънога эга:
1) ҳаққоний халифа мавжуд бўлатуриб, унга итоатсизлик қилганлар гўё жоҳилият даврида ўлганлар каби ўлибди;
2) бошида раҳнамоси, имоми, бошлиғи бўлатуриб, унга итоат қилмаган ўзбошимчалар гўё жоҳилиятда ўлгандек ўлибди.
Биринчи маънога кўра, ҳадис маълум давргагина хос бўлиб, бугунги кунда ўз кучини йўқотган. Чунки юқоридаги ҳадисда айтилганидек, ҳаққоний халифалик даври дастлабки ўттиз йилда ниҳоясига етган.
Демак, бу ҳадис ҳозирги кунга дахлдор эмас. Ҳизбчиларнинг унга суяниши хатодир. Иккинчи маънога кўра, ҳадис ҳукми умумий бўлиб, бугун ҳам ўз кучини йўқотмаган. Бироқ айнан халифани эмас, балки имомни, бошлиқларни назарда тутади. Диққат қилсангиз, икки эҳтимолий маънода ҳам ҳадис ҳизбчиларнинг зарарига “ишлайди”. Биринчи маънога кўра, ҳизбнинг халифалик йўлидаги ҳаракати ўта мантиқсиз, беҳуда уриниш бўлиб чиқади.
Биринчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан аниқ вақти ва чегараси баён қилинган нарсани қайта тиклашга уриниш ё ақлсизлик, ё Расулуллоҳга ишонмасликдир.
Иккинчи маънога кўра эса, ҳизбнинг ўзи ҳадисга очиқча терс ҳаракат қилаётир. Ахир ўз юртбошиси, раҳнамоси, ҳокимига итоатда яшаб келаётган жамиятда мавжуд ҳукуматни ағдариб, ўрнига ўзлари истаган шахсни тайинлашга уринишлари мавжуд бошчига, илм аҳлига, имом-домлаларга итоатсизлик эмасми?!
Ҳадисга иккинчи маъно нуқтаи назаридан ёндашсак, ҳизб аъзоларининг ўзлари жоҳилият ўлимини топувчи адашган тоифаларнинг биринчи қаторида турибди-ку! Ҳанафий мазҳабининг йирик олими, ҳиндистонлик Мулла Живан ҳазратлари ҳукм оятларига доир “ат-Тафсиротул Аҳмадия” асарида мавзуга доир қуйидаги фикрни илгари суради: «Билиб қўйиш лозим, том маънодаги комил халифалик (даври) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Халифалик мендан сўнг ўттиз йилдир! Ундан кейин талашиб-тортишиладиган подшоликлар (даври) бўлади”, деган ҳадислари тақозосига кўра, Али розияллоҳу анҳуда тамом бўлган. Ноқис халифалик эса ундай эмас (яъни ўттиз йилдан кейин ҳам давом этган). Чунки Аббосийлар даврида, ноқис бўлса-да, халифалик бўлган. Ҳаққоний имомат ҳам бугунги замонамизда шартлари йўқ бўлиб кетгани боис топилмайди. Зеро, имомат шартлари ичида энг охиргиси қурайший бўлишдир.
Бу ҳам ҳозирги даврда жуда кўп жойларда топилмайдиган шартдир. Шунингдек, мутлақ тарзда келган: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” (Нисо сураси, 59-оят) ояти каримасига кўра, раҳбарларга (шариатга номуносиб ишларни буюрмаса) итоат қилиш вожиб бўлади. Улар халифа ё ҳаққоний имом деб эмас, балки ишбошиларимиз бўлгани учун итоат қиламиз, эргашамиз».
Наманган вилояти Учқўрғон тумани бош имом-хатиби Шуҳратилло ИСРОИЛОВ тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 4-сонидан