Дўстларига фидойи саҳоба
Жоҳилият даврида ҳам, Ислом келганидан кейин ҳам улуғлик ва шараф топган шахслардан бири Ҳорис ибн Ҳишом ибн Муғийрадир. Куняси Абу Абдураҳмон. У Абу Жаҳлга ини, Холид ибн Валидга амакивачча бўлган.
Макка фатҳи бўлиб ўтган кунларда Ҳорис ибн Ҳишом ва Абдуллоҳ ибн Абу Робиа Умму Ҳоний бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кириб ҳимоя сўрашди. Умму Ҳоний уларни ўз ҳимоясига олди. Уларнинг қаерга яширинганидан хабар топган Али розияллоҳу анҳу келиб уларни қатл қилмоқчи бўлди. Шунда опаси Умму Ҳоний уни қучоқлаб: “Менга шундай қиласанми? Аввал мени ўлдир, кейин уларга тегасан!” деди. Али розияллоҳу анҳу: “Сиз мушрикларга омонлик беряпсиз”, деб чиқиб кетди. Умму Ҳоний Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб: “Ё Расулуллоҳ! Алининг опаси бўлатуриб, унинг қўлидан нима кўрдим? Мен омонлик берган икки қайноғамни ўлдирмоқчи бўлди”, деб шикоят қилди. “Бундай қила олмайди. Сен омонлик берган кишиларга биз ҳам омонлик бердик. Сен хавфсиз деб билган кишиларни биз ҳам хавфсиз деб билдик”, дедилар у зот.
Шу воқеадан кейин Ҳишом ва Абдуллоҳ хотиржам бўлиб уйларига қайтишди. Бироз вақт ўтгач, “Ҳорис ибн Ҳишом билан Абдуллоҳ ибн Абу Робиа мушрикларнинг йиғинларида ўтиришибди, эгниларида заъфарон рангли кийимлар бор”, дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уларга тегманглар, улар омонликка эга”, дедилар.
Ҳорис қўли очиқ, саховатли ва ўз қавми орасида етакчилик мавқеига эга инсон эди. Унинг жоҳилият давридаги меҳмондўстлиги ва одамларга таом улашиши ҳақида Аллоҳнинг Расулига хабар берилганида, у зот: “Ҳорис бахил эмас. Аллоҳ уни Исломга ҳидоят қилишини истайман”, деганлар.
Ҳорис Фатҳ кунидан кейин бундай деган эди: «Мен бир муддат Расулуллоҳга кўринишдан уялиб юрдим. Мушриклар билан бўлган ҳар қандай йиғинда мени кўриб қолишларидан хавотирда эдим. Кейин у зотнинг меҳрибонликлари ва раҳм-шафқатларини эсладим. Масжидга кираётганларида у зотга йўлиқиб, салом бердим. Мени мамнуният билан қарши олдилар. Мен шаҳодат калималарини айтдим. Набий алайҳиссалом: “Сизни ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Сиз каби инсон Ислом ҳақида бехабар қолиши мумкин эмасди”, дедилар».
Ҳорис ибн Ҳишом Ҳунайн жангида қатнашди. Тушган ўлжадан унга ҳам юзта туя берилди. Исломни қабул қилганидан кейин ундан ҳеч қандай ёмонлик ёки иккиюзламачилик кўринмади. Расулуллоҳ вафот этгунларига қадар Маккада қолди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврида Ҳорис ибн Ҳишом, Икрима ибн Абу Жаҳл ва Суҳайл ибн Амр мусулмон қўшни сафида Шомга отланишди. Шом диёрида мусулмонлар ва румлар ўртасида Ярмук жанги бўлиб ўтди. Шиддатли кечган жангда учовлон оғир яраланди. Ҳорисга сув келтирилганида, у: “Сувни Икримага беринг”, деди. Икрима: “Сувни Айёшга беринг”, деди. Сув Айёшга олиб борилганида унинг жони узилган эди. Сувни қайтариб Икримага келгунича унинг ҳам жони узилди. Афсуски, Ҳорис ҳам омонатини топшириб бўлган эди. Шундай қилиб, уларнинг ҳар бири ўз биродарини ўзидан устун қўйди. Бу саҳобаларнинг фидойилиги, иймони ва ихлосининг буюк намунасидир.
Абдураҳмон ибн Ҳорис айтади: «Мен отамга: “Менга бир насиҳат айтинг”, дедим. У: “Мана буни сақла”, деб тилига ишора қилди. Мен буни осон иш деб ўйлардим, чунки камгап одам эдим. Кейин эса бундан ҳам қийинроқ нарса йўқлигини англадим».
Ҳайдархон БОЛТАБОЕВ,
Тошкент шаҳридаги “Абу Сахий” жоме масжиди имом ноиби
(Б.Эралиев уюштирди.)
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 14-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws