“Масжидун Набавий”да зиёратчилар ҳаракатини енгиллаштирувчи янги навигация тизими ишга туширилди
Саудия Арабистонидаги Ҳарам масжиди ва Масжиди Набавий ишлари бўйича Бош бошқарма Масжиди Набавийда зиёратчилар ва намозхонларнинг ҳаракатланишини енгиллаштириш мақсадида ягона навигация тизимини жорий этди.
IQNA агентлигининг «WAS» агентлигига таяниб хабар беришича, янги тизим Масжиди Набавий ва унга туташ ҳудудларни қамраб олади.
Ушбу тизим доирасида:
- 274 та йўналтирувчи кўрсаткич;
- 106 та электрон ахборот дисплейи ўрнатилган.
Янги навигация тизими зиёратчиларга масжиднинг турли қисмлари, хизмат кўрсатиш нуқталари ва кириш-чиқиш жойларини осон топиш имконини беради.
Кўрсаткичларда ягона визуал услуб ва ранглар тизимидан фойдаланилган. Бу эса йўналишларни тез ва осон аниқлашга ёрдам беради.
Электрон дисплейларда кириш йўлаклари, амал қилиниши лозим бўлган қоидалар, тақиқланган ҳаракатлар ҳамда дарвозаларнинг жорий ҳолати ҳақида маълумотлар акс эттирилади.
Мазкур янгилик зиёратчилар оқимини самарали бошқариш, тирбандликларни камайтириш ва намозхонлар учун янада қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Таъкидланишича, ушбу ташаббус муқаддас масжидларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва навигация хизматларини рақамлаштириш дастури доирасида амалга оширилган.
И.Аҳмедов таржимаси.