Оқилона маслаҳатлар соҳиби
Ҳубоб ибн Мунзир розияллоҳу анҳу Хазраж қабиласининг Бани Салама уруғидан эди. Тўлиқ исми Ҳубоб ибн Мунзир ибн Жамуҳ ибн Зайд ибн Ҳаром Хазражий Ансорий. Куняси Абу Амр. Ҳубоб ибн Мунзирнинг онаси Шамус бинти Ҳаққ ибн Умайя ибн Ҳаром эди.
Ҳубоб Мадинада туғилиб вояга етди. У ўзининг ақл-заковати, жасорати ва ҳарбий тадбиркорлиги билан ўз қабиласида катта обрў-эътибор топган эди. Набий алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин у мусулмонлар сафига қўшилди.
Баъзи тарихчилар уни “Зулраъй” (фикр ва тадбир соҳиби) деб атаганлар. Ҳубоб ибн Мунзирнинг бу фазилати айнан Бадр ғазотида ёрқин намоён бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий билан қўллаб-қувватланган ва хатодан сақланган зот бўлишларига қарамай, саҳобалари билан маслаҳатлашар эдилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Мусулмонлар Бадр майдонига келиб тўхтаганларида Ҳубоб Расулуллоҳ ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Бу жойга тушиш Аллоҳнинг ваҳийсими ёки ўз фикрингизми?” деб сўради. У зот: “Бу ўз тадбирим ва фикрим”, дедилар. Шунда Ҳубоб: “У ҳолда бу жой муносиб эмас. Қурайшликларга яқинроқ қудуққа борайлик. У ерга жойлашиб, бошқа қудуқларни кўмайлик. Шунда сув фақат мусулмонлар ихтиёрида бўлади”, деб фикр билдирди. Бу фикр Набий алайҳиссаломга маъқул бўлиб, барчани Ҳубобнинг фикрига кўра ҳаракат қилишга амр қилдилар. Бу тадбир Бадрдаги ғалабанинг энг муҳим сабабларидан бири бўлди.
Ҳубоб розияллоҳу анҳу Уҳуд, Хандақ, Бани Қурайза воқеаси, Ҳудайбиядан кейинги юришлар, Хайбар каби муҳим ғазотларда ҳам қатнашди. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳижратнинг еттинчи йилида Мадинадан узоқда жойлашган Хайбар томон юриш қилдилар. У зот саҳобаларни Хайбар жангида иштирок этишга чақирдилар, уларга насиҳат қилдилар ва байроқларни тақсимладилар. Байроқлар биринчи марта Хайбар кунида ишлатилди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Ҳубоб ибн Мунзирга ҳам байроқ бердилар. Мусулмонлар қалъама-қалъа қаттиқ жанг қилиб, яҳудийлардан кўплари ҳалок бўлди. Макка фатҳ этилгандан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳижратнинг саккизинчи йили шаввол ойида Ҳунайн сари йўл олдилар. Ҳунайн Маккадан уч кунлик масофада жойлашган водий эди. Мусулмонлар қўшини ўн икки минг кишидан иборат эди. Ўн минг киши Макка фатҳида қатнашган мусулмонлар, икки минг киши ансорлар эди. Шу қадар кўп сонли қўшинни кўрган баъзи кишилар: “Бугун бизлар мағлуб бўлмаймиз”, деб мақтанди. Расулуллоҳ алайҳиссалом тонгда қўшинни сафлантириб, ҳар бир қабила учун алоҳида байроқ тайинладилар. Хазраж қабиласининг байроғини Ҳубоб ибн Мунзир кўтариб борди. Чунки ҳар бир қабила ўз байроғи остида жанг қилар эди. Жанг бошида мусулмонлар бироз қийинчиликка дуч келдилар, кейин эса Аллоҳ таоло уларга ғалаба насиб этди. Мусулмонлар душман устидан зафар қозониб, ўлжаларини қўлга киритдилар.
Ҳубоб ибн Мунзир жангларда жасорат кўрсатиш билан душман ҳолини ўрганиш ишларида ҳам фаол иштирок этди. У саҳобалар орасида ўткир зеҳни, узоқни кўра олиши, ҳолатни тўғри баҳолай олиши ва тўғри маслаҳат бериши билан ажралиб турарди. У ҳақиқатни айтишдан асло қўрқмас эди. Бироқ у Расулуллоҳга ниҳоятда ҳурмат билан муносабатда бўлар, Бадр кунидаги саволлари ҳам одоб билан берилган эди.
Расулуллоҳ вафотларидан кейин ансорлар Саъд ибн Убодага байъат қилиш учун йиғилганларида Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб ва Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳам қатнашган эди. Бошқа муҳожирлар ҳам сўзга чиқдилар. Шунда Ҳубоб ибн Мунзир биздан бир амир бўлсин, сизлардан ҳам бир амир бўлсин, деди. Кейин Абу Бакр Сиддиққа байъат қилинди ва йиғилганлар тарқалиб кетдилар.
Ҳубоб ибн Мунзир Умар ибн Хаттобнинг халифалик даврида эллик ёшида вафот этган. У бошқа саҳобалар каби танилмаган бўлса-да, унинг хизматлари ва фидокорона ҳаракатлари беқиёсдир. Чунки у Ислом тарихида оқилона фикр, тўғри маслаҳат ва Аллоҳ йўлидаги садоқат намунасини кўрсатган шахс сифатида ўрин эгаллаган.
Шамсутдин ШЕРМАТОВ,
Шўрчи тумани “Менгтўра Ҳожибобо” жоме масжиди имом-хатиби
(Б.Эралиев уюштирди).
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 15-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws