АЛКОГОЛСИЗ ПИВО ИЧИШНИНГ ҲУКМИ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Алкоголсиз пивони мўмин-мусулмонлар истеъмол қилишлари жоиз эмас. Бунга қуйидаги омиллар асос бўлади:
Биринчидан: Бугунги кунда Ғарб ва Араб мамлакатларида “алкоголсиз пиво” дея сотилаётган ичимликларни баъзиларида алкогол борлиги яширилса, қолганларида маълум миқдорда алкогол борлиги очиқ қайд этилади. Сурия Араб Республикасининг Озиқ-овқат ва саноат лаборатория институтининг бир гуруҳ мутахассислари томонидан алкоголсиз пиво ичимлиги таҳлил қилинган. Ушбу лабораторик таҳлил Сурия Араб Республикасининг Саноат вазирлиги томонидан назорат қилинган. Таҳлил натижасига кўра “Алкоголсиз пиво” деб сотилаётган ичимликларнинг таркибида 0,004% алкогол борлиги аниқланган.
Бу нимани англатади? Мана шундай “алкоголсиз пиво”нинг кўп миқдорда ичиш кишини сарҳуш қилиши мумкинлигига далолат қилади.
Франция суд экпертизаси томонидан 0.8 мл алкогол қон таркибига сўрилиши кишининг сарҳушлигига кифоя қилиши таъкидланган. АҚШ қонунчилигида эса бу кўрсаткич 0.3 мл ни кўрсатиши ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий чора кўрилиши учун етарли, деб ҳисобланади.
Ислом шариатида эса кўпи маст қилувчи ҳар қандай ичимликнинг ози ҳам ҳаром экани таъкидланади. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
” مَا أَسْكَرَ كَثِيرُهُ فَقَلِيْلُهُ حَرَامٌ “
яъни: “Кўпи маст қилган нарсанинг ози ҳаромдир”, – дейилган (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилган).
Бошқа бир ривоятда эса:
” مَا أَسْكَرَ مِنْهُ الفَرَقُ فَمِلءُ الكَفِّ مِنْهُ حَرَامٌ “
яъни: “Бир фарақи маст қилган нарсанинг бир ховучи ҳам ҳаромдир”, – дейилган (Имом Абу Довуд ва Имом Байҳақий саҳиҳ санад билан ривоят қилишган).
“Фарақ” – қадимги суюқлик ўлчов бирликларидан бири бўлиб, ҳозирги ўлчовларга таққослаганда 9.3 литрга тўғри келади.
Ҳанафий мазҳабининг мўътабар уламоларидан аллома Ҳаскафий шундай дейди:
وتحريم القليل من المسكر ككثيره هو المفتى به عند الحنفية
яъни: “Маст қилувчи нарсанинг ози ҳаромлиги – худди кўпи кабидир. Бу – ҳанафий уламоларининг якдил фатвосидир” (“Дуррул муҳтор” китоби 6-жуз, 455-бет).
Иккинчидан: Юқоридаги каби ҳолатлар мўмин-мусулмонлар ўртасида шубҳага олиб келиши табиий. Ислом шариати эса шубҳали нарсалардан қочишга, айниқса, ҳалол луқма масалада эътиборлироқ бўлишга даъват этади. Бу борада қуйидаги ҳадис “Исломнинг мадори” дея эътироф этилади.
عن النعمان بن بشير رضيَ اللّه عنهما قال : سمعتُ رسولَ اللّه صلى اللّه عليه وسلم يقول : “إنَّ الحَلالَ بَيِّنٌ وَإنَّ الحَرَامَ بَيِّنٌ، وَبَيْنَهُما مُشْتَبِهاتٌ لا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهاتِ اسْتَبرأ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ في الشُّبُهاتِ وَقَعَ في الحَرَامِ، كالرَّاعي يَرْعَى حَوْلَ الحِمَى يُوشِكُ أنْ يَرْتَعَ فِيهِ …”
(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم والإمام أحمد والإمام الدارمي والإمام ابن حبان والإمام البيهقي)
яъни: Нўъмон ибн Башир разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Ҳалол – аниқ, ҳаром – аниқ. Аммо уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар уни билмайдилар. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва обрўсини сақлабди. Ким тўсиқ атрофидаги чўпонга ўхшаб, шубҳали нарсаларга ўралашиб қолса, ҳаромга тушиб қолади. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир подшоҳнинг чегараси бўлади. Аллоҳнинг Ердаги чегараси – У Зот ҳаром қилган нарсалардир…” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад, Имом Доримий, Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Байҳақий ривоят қилганлар).
Ҳадиси шарифда “ким ўзини шубҳали нарсалардан эҳтиёт қилса, динини нуқсондан, ўзини таъна ва дашномлардан сақлаган бўлади” дейилмоқда. Бу қоидага кўра ҳалол луқмага нисбатан алоҳида эътибор бериш керак. Шунда банда қалби соғлом, имони мустаҳкам бўлади.
Ҳасан разияллоҳу анҳудан нақл қилинган бошқа бир ривоятда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
دَعْ مَا يَرِيبُكَ إِلَى مَا لَا يَرِيبُكَ
яъни: “Сени шубҳага солган нарсани тарк қилиб, шубҳага солмайдиганини тутгин” (Имом Термизий ривояти).
Салафи солиҳлар ҳалол ризққа кўп аҳамият бериб, унга кўп диққат-эътибор қилганлар. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг шубҳали бир нарсани еб, сўнг уни қайт қилиб ташлаганлари ҳаммамизга маълум ва машҳур.
Учинчидан: Ичимликни “Пиво” деб номланиши кўпчиликда шубҳа туғдириши табиий. Чунки ҳозирга қадар ушбу номдаги ичимликлар барча мусулмонлар томонидан шариатимизда қайтарилган спиртли ичимликлар тури сифатида танилган. Ушбу номда ичимликни умумий истеъмол учун чиқарилиши ва мўмин-мусулмонларга “ҳалол” дея тақдим этилиши кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлади. Чунки, ҳар қандай нарсанинг номланиши ҳам унинг ҳукмида шубҳа туғдирса, истеъмолини ножоиз эканига сабаб бўлади. Буюк мужтаҳид уламоларимиздан бирлари Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ делфинни араб тилида “Хинзирул баҳр”, яъни сўзма-сўз таржима қилингада “Денгиз чўчқаси” деб номлангани сабабли уни истеъмол қилишдан ман қилганлар.
Тўртинчидан: Шариатимиз қоидаларидан маълумки, бирор ман қилинган нарсага олиб боришга восита бўладиган нарсадан ҳам ман қилинади. Буни Усулул фиқҳда “Саддуз-зароиъ” яъни “воситаларни тўсиш” дейилади. Шунга кўра “алкоголсиз пиво” номидаги ичимликларни оммавий сотилиши ман этилади. Фаразан, мазкур ичимликлар 100% ҳалол бўлган тақдирда ҳам “алкоголсиз пиво – ҳалол” дея кенг жамоатчиликка эълон қилиниши, супермаркетлар, озиқ-овқат дўконлари, умумий овқатланиш масканларида сотилиши аёллар, ёшларда таъқиқланган пиволарга нисбатан журъатни пайдо қилади. Натижада ҳар қандай пивони ичишга йўл очилади.
Бешинчидан: Алкоголсиз пивода, масалан, спирт бўлмаган тақдирда ҳам, таъми, ҳиди каби, пивонинг бошқа хусусиятлари мавжуд. Демак, буни истеъмол қиладиган киши чанқоқ қолдириш учун эмас, пивога бўлган ҳуморини қондириш учун ичади.
Юқорида зикр қилиб ўтилган ва ундан бошқа далилларга кўра алкоголсиз пивони истеъмол қилиниши жоиз эмас. Шунга кўра Сизга шариатимизда рухсат этилган бошқа салқин ичимликларни истеъмол қилишингиз тавсия этилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar