Жума намозида имом қироат қилаётганда баъзи кишилар хам бирга овоз чиқариб қироат қилиши қулоққа чалиниб туради. Шу амал дурустми?

Чоп этилди Fevral 20, 2019 Жума намозида имом қироат қилаётганда баъзи кишилар хам бирга овоз чиқариб қироат қилиши қулоққа чалиниб туради. Шу амал дурустми?da fikr bildirishni o'chirish

Имом қироат қилаётган пайтда унга иқтидо қилган киши ҳам ичида қироат қилиши макруҳ амал саналади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аъроф сурасида:

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

“Қуръон ўқилганда унга қулоқ тутинг ва жим бўлинг. Шунда раҳм қилинурсиз”, деган (204-оят).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ушбу оят намозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларида туриб овоз чиқариш ҳақида нозил бўлган” (Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ва Ибн Асокир ривояти).

Кўплаб ҳадиси шарифларда имомнинг қироати иқтидо қилган шахс учун ҳам кифоя қилиши очиқ айтиб ўтилган. Масалан Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Имомнинг қироати унга иқтидо қилганнинг қироатидир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Машҳур муҳаддис олим Бадриддин Айний: “Саксонга яқин саҳобалар имом ортидан қироат қилишдан қайтаришган”, деган (“ал-Биноя фи шарҳил- Ҳидоя”).

Имом Шаъбий айтадилар: “Мен Бадр ғазотида қатнашган саҳобаларнинг етмиштаси билан учрашдим. Уларнинг ҳаммаси имомга иқтидо қилувчини қироатдан қайтаришар эди”.

Ушбу ва ундан бошқа ривоятларга кўра барча мазҳаб фуқаҳолари имом жаҳрий (овоз чиқариб) қироат қилганда унга иқтида қилган киши қироат қилиши жоиз эмас, деганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar