Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни камситиш деган маънода ҳадис бор экан. Шу ҳадисни шарҳлаб берсангиз. Ҳакни инкор қилиш деганда нималарни ўз ичига олади. Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин.
Сиз айтган ҳадиснинг матни қуйидагича:
عَن عَبْدِ الله بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: “لا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ مِنْ كِبْرٍ” ، قَالَ رَجُلٌ: “إِنَّ الرَّجُلَ يُحِبُّ أَنْ يَكُونَ ثَوْبُهُ حَسَنًا، وَنَعْلُهُ حَسَنَةً” ، قَالَ: إِنَّ اللَّهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ، الْكِبْرُ بَطَرُ الْحَقِّ، وَغَمْطُ النَّاسِ” (رَوَاهُ مُسْلِمٌ، وَالتِّرْمِذِي، وَأَبُو دَاوُدَ، وَابنُ مَاجَه، وَأَحْمَد)
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қалбида зарра миқдорида кибр бўлган одам жаннатга кирмайди”, дедилар. Бир киши: “Албатта, киши кийими ва пойафзали чиройли бўлишини хоҳлайди (бу ҳам кибрми?)”, деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни севади. Кибр – ҳаққа унамаслик ва одамларни (қадрини) пастга уриш”, – дедилар.
(Имом Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилган).
Ушбу ҳадиси шарифни изоҳлаб Мулла Али Қори шундай деган: “Мазкур ривоятдаги келган “батарун” сўзининг луғавий маъноси “қаттиқ хурсанд бўлиш”дир. Ҳадисдаги маъноси эса, неъмат келганда туғёнга кетиш, Аллоҳ таоло ҳақ қилган (тавҳид, ибодат)ни инкор қилиш, ҳақ келганда кибрланиб қабул қилмасликдир”
(“Мирқотул мафотиҳ”). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar