Баъзида таҳоратим бор-йўқлигида шубҳа қилиб қоламан, шу пайтда қандай йўл тутиш керак?

Чоп этилди Fevral 25, 2019 Баъзида таҳоратим бор-йўқлигида шубҳа қилиб қоламан, шу пайтда қандай йўл тутиш керак?da fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Таҳорат қилгани аниқ, лекин таҳорати бузилган ёки бузилмаганида шубҳа қилган киши таҳоратли ҳисобланади. Таҳоратсиз эканини аниқ билган, таҳорат қилганми йўқми иккиланган киши эса таҳоратсиз ҳисобланади. Таҳоратда шубҳа қилиш масаласи “аниқ нарса, шубҳа билан кетказилмайди”, деган фиқҳий қоидага асосланади.

Агар таҳорат қилиши давомида бирор аъзосини ювган-ювмаганида шубҳа қилса, бу умрида биринчи марта юз бераётган бўлса, ўша аъзони ювади. Агар таҳорат асносида бундай шубҳа кўп марта юз берган бўлса, бу шубҳага эътибор бермайди.

Таҳорат қилиб бўлгандан кейин бирор аъзони ювиб-ювмаганлигида шубҳа қилса, бунга эътибор қилмайди (манбалар:“Фатовои ҳиндия”, “Хулосатул фатово” китоблари).
Шуни эслатиб ўтиш жоизки, бу ерда “шубҳа”, дегани гумони бир томонга устун келмаган ҳолатдир. Гумон бир томонга устун келса, ғолиб гумонга амал қилинади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar