НАМОЗДАН КЕЙИНГИ ЗИКРЛАР ЎРНИ
CАВОЛ: Баъзи кишиларнинг намоздан кейинги зикрларни фарз билан суннат ўртасида қилаётганини кўрамиз. Шу тўғрими? Аниқлик киритиб берсангиз, илтимос!
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари намоздан кейинги зикрларни фарз ва суннат ўртасида эмас, балки намознинг охирида ўқиш суннатга мувофиқ бўлишини таъкидлайдилар. Бунга Оиша онамиздан нақл қилинган қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтиришган:
كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَقْعُدُ إلَّا بِمِقْدَارِ مَا يَقُولُ : اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ وَمِنْك السَّلَامُ تَبَارَكْت يَا ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ (رَوَاهُ الامام مُسْلِمٌ وَالامام التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам (фарз намозининг охирида) салом берганларидан кейин фақат “Эй Аллоҳ! Сен саломсан, салом сендандир, Сен муборак бўлдинг, эй жалол ва икром эгаси!” дейдиган миқдорича ўтирардилар” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоятлари).
Бошқа ўринда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عجلوا الركعتين بعد المغرب ليرفعا مع العمل (رواه الامام البيهقي عن حذيفة رضي الله عنه)
яъни: “Фарз намози билан бирга кўтарилиши учун шомдан кейинги икки ракаатни шошилтиринглар” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Қуйидаги ҳадис ҳам юқоридаги маънони қўллаб қувватлайди:
من صلى بعد المغرب ركعتين قبل أن يتكلم كتبتا في عليين ( رواه الامام عبد الرزاق عن مكحول مرسلا)
яъни: “Ким шомдан кейин (одамлар билан) гаплашишдан аввал икки ракаат (суннат) намоз ўқиса, ўша икки ракаат Иллийинга ёзилади” (Имом Абдурраззоқ ривоятлари).
“Иллийин” – аршга осилган, яшил забаржаддан бўлган лавҳ. Унга бандаларнинг амаллари ёзилади. (“Тафсири Қуртубий” китоби, Ибн Аббосдан ривоят қилинган).
Бу ҳадисни шарҳлаб Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: “Ҳадисдаги “гаплашишдан аввал” ибораси зикрми, одатий сўзларми ҳаммасини ўз ичига олади (яъни, фарздан кейин туриб дарҳол суннат ўқиш керак, деган маъно келиб чиқади). Лекин юқорида Оиша онамиздан ривоят қилинган миқдорда фарз ва суннат ўртасини бўлиш истисно қилинади (яъни, жоиз бўлади). Фарз ва суннатнинг ўртасини ажратиш мазкур миқдордан ошиб кетса, мана шу ҳадис сабабли ман қилинади. Агарчи ҳадис шом намозининг суннати ҳақида хос бўлиб келган бўлса ҳам, унинг ҳукмига пешин ва хуфтон намозларининг суннатлари ҳам қўшилади. Чунки суннат намозларининг умумий ўхшашлиги бор, у ҳам бўлса фарзни тўлдирувчи сифатида унга тобеъ (эргашувчи) қилиб қўйилганидир” (“Эълоус-сунан” китоби, “Саломдан кейинги бурилиш ва унинг кайфияти, намоздан кейинги дуо ва зикрнинг суннатлиги” боби).
Бу мавзуда Аллома ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар:
وَأَمَّا مَا وَرَدَ مِنْ الْأَحَادِيثِ فِي الْأَذْكَارِ عَقِيبَ الصَّلَاةِ فَلَا دَلَالَةَ فِيهِ عَلَى الْإِتْيَانِ بِهَا قَبْلَ السُّنَّةِ ، بَلْ يُحْمَلُ عَلَى الْإِتْيَانِ بِهَا بَعْدَهَا ؛ لِأَنَّ السُّنَّةَ مِنْ لَوَاحِقِ الْفَرِيضَةِ وَتَوَابِعِهَا وَمُكَمِّلَاتِهَا فَلَمْ تَكُنْ أَجْنَبِيَّةً عَنْهَا ، فَمَا يُفْعَلُ بَعْدَهَا يُطْلَقُ عَلَيْهِ أَنَّهُ عَقِيبَ الْفَرِيضَةِ .
яъни: “Намоздан кейинги зикрлар ҳақидаги ҳадисларда уларни суннатдан аввал қилиш кераклигига далолат йўқ. Балки у ҳадисларни суннатдан кейин зикр қилиш деб тушунилади. Чунки суннатлар фарзларга қўшилувчи, эргашувчи ва уларни мукаммал қилувчидир. Суннатлар фарзлардан айро эмас. Суннатдан кейин қилинган зикрларни ҳам, фарздан кейин бажарилган ҳисобланади” (“Раддул муҳтор” китоби).
Баъзи ҳадисларнинг зоҳиридан тушинилган фарз намозларидан кейин дарҳол зикрлар қилиш масаласини уламоларимиз юқоридаги кўринишда, суннатдан далил келтириб ҳал қилганлар. Бу каби масалаларда фуқаҳоларимиздан ҳеч ким ҳадисни қўйиб, ўз фикрини олға сурмаган.
Шундай экан, фарзу суннатларни тугатгандан кейин зикр қилиш ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларию феълларига мос келиб турганда, одамлардан ажралиб қолиб, улар суннат намозини ўқишга турганда анчагина ўтириб қолиш, натижада турли тушунмовчиликлар, ихтилофлар келтириб чиқариш ибодатнинг савобини кетказиб қўяди. Бу масалада нафсу хоҳишимиз билан эмас, балки суннатга мувофиқ йўл тутсак, айни муддао бўлар эди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar