НАМОЗДА НАЗАРНИ ҚАЕРГА ҚАРАТИБ ТУРИШ КЕРАК?

Чоп этилди Noyabr 15, 2019 НАМОЗДА НАЗАРНИ ҚАЕРГА ҚАРАТИБ ТУРИШ КЕРАК?da fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳанафий мазҳабимиздаги мўътабар манбалардан бири “Туҳфатул мулук” китобида бу ҳақда шундай дейилган:

يستحب أن يكون نظر المصلي في قيامه: إلى موضع سجوده وفي ركوعه: إلى أصابع رجليه وفي سجوده: إلى طرف أنفه وفي قعوده: إلى حجره وعند التسليمة الأولى: إلى كتفه الأيمن وعند الثانية: إلى كتفه الأيسر

яъни: “Намозхон тик турганида кўзини сажда қиладиган жойига, рукусида оёқ бармоқларига, саждасида бурнининг учига, ўтирганида бағрига, биринчи саломида ўнг елкасига, иккинчи саломида чап елкасига қаратиб ўтириши мустаҳаб ҳисобланади”.

Уламоларимиз: “Намозда кўзни мазкур жойларга қаратиб туриш намоздаги хушуъ-хузуънинг янада ортишига сабабчи бўлади”, – деганлар.

Намозда кўзлар юмилмайди, осмонга қаралмайди ва ҳар томонга аланглаб кўз ташланмайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

وَإِيَّاكُمْ وَالاِلْتِفَاتَ فِي الصَّلاَةِ فَإِنَّمَا أَحَدُكُمْ يُنَاجِي رَبَّهُ مَا دَامَ فِي الصَّلاَةِ
(رواه الإمام أبو داود والإمام النسائي عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه).

яъни: “Намоз ичида ҳар тарафга қарашдан сақланинглар, чунки киши модомики намоз ичида бўлар экан, Парвардигорига муножот қилади” (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривоят қилганлар).

Демак, намоздаги киши Аллоҳ таолога муножот қилар экан, имкон қадар бор эътиборини оламлар Роббиси ҳузурида турганига қаратиши лозим.
Намозда туриб бошни қибладан бошқа тарафга буриш макруҳ бўлади. Агар бош билан биргаликда гавда ҳам қибладан бурилса, намоз бузилади. (“Баҳрур роиқ” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar