ПАЙҒАМБАРЛАР ҲАҚИДА ҚАНДАЙ ЭЪТИҚОД ҚИЛАМИЗ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Расул ва набийлар ҳақида эътиқод қилишимиз вожиб бўлган нарсалар учтадир:
1. Сидқ
2. Таблиғ
3. Омонат
Уламолардан баъзилари юқоридагиларга “фатонат”ни ҳам қўшганлар.
Сидқ – хабарнинг воқеъликка тўғри келиши. Пайғамбарлар бизга Аллоҳ таолодан келтирган ҳар бир хабарда ростгўй эканликларига имон келтиришимиз вожибдир.
Таблиғ – Аллоҳнинг шариатини одамларга етказиш. Набий ва расуллар Аллоҳ уларга топширган вазифани бекаму-кўст бажарганлари, шариатдан бирор нарсани яширмаганларига имон келтирамиз. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الرَّسُولُ بَلِّغْ مَا أُنْزِلَ إِلَيْكَ مِنْ رَبِّكَ وَإِنْ لَمْ تَفْعَلْ فَمَا بَلَّغْتَ رِسَالَتَهُ…
яъни: “Эй, Расул! Раббингиздан Сизга нозил қилинган нарса (оятлар)ни (одамларга) етказинг! Агар (буни) қилмасангиз, Унинг рисоласи (топшириғи)ни етказмаган бўлурсиз…” (Моида сураси 67-оят).
Расул ўз асрида ва кейинги асрларда (унинг издошлари) барча инсонларга динни етказади, бу токи бошқа расул янги шариат олиб келгунича давом этади. Набийнинг динга даъвати фақат ўз қавмига бўлади, холос.
Омонат – ман қилинган амаллардан зоҳирни ҳам, ботинни ҳам сақлашдир. Набий ва расуллар пайғамбарликдан аввал ҳам, пайғамбарлик даврида ҳам катта ва кичик гуноҳлардан покдирлар. Буни бошқача қилиб “исмат” ҳам дейилади.
Фатонат – доимий ҳушёрлик, зийраклик ва ҳужжат, далилларни келтириш. Бу эси пастликнинг зиддидир. Яъни, пайғамбарлар Аллоҳнинг шариатини етказишда вазифаларига ўта ҳушёрлик ва зийраклик билан ёндашганлар. Уларда ғафлатда қолиш ва тушунмай қолиш каби нуқсон сифатлар бўлмаганига имон келтирамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وَتِلْكَ حُجَّتُنَا آَتَيْنَاهَا إِبْرَاهِيمَ عَلَى قَوْمِهِ…
яъни: “Иброҳимга қавми устидан берган ҳужжатимиз ана шудир…” (Анъом сураси 83-оят).
Бошқа ояти каримада эса шундай дейилади:
ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ…
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!…” (Наҳл сураси 125-оят).
Аллоҳ таоло тавфиқ берсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar