ТЎНҒИЗ ВА УНИНГ АЪЗОЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ МУМКИНМИ?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Тўнғизнинг гўшти, ёғи ва барча аъзолари ҳаромлигига Қуръони каримдаги қуйидаги оят далолат қилади:
قُلْ لَا أَجِدُ فِي مَا أُوحِيَ إِلَيَّ مُحَرَّمًا عَلَى طَاعِمٍ يَطْعَمُهُ إِلَّا أَنْ يَكُونَ مَيْتَةً أَوْ دَمًا مَسْفُوحًا أَوْ لَحْمَ خِنْزِيرٍ فَإِنَّهُ رِجْسٌ أَوْ فِسْقًا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللَّهِ بِهِ فَمَنِ اضْطُرَّ غَيْرَ بَاغٍ وَلَا عَادٍ فَإِنَّ رَبَّكَ غَفُورٌ رَحِيمٌ
яъни: “Айтинг: «Менга ваҳий қилинган нарса (Қуръон)дан таом ейдиган кишига ўлимтик, тўкилган қон, чўчқа гўшти – у, албатта, палид – ва (сўйишда) Аллоҳдан ўзганинг номи аталган «фисқ» (“ҳайвон”)дан бошқа ейиш ҳаром қилинган нарсани топмаяпман». Бас, кимки заруратда қолиб, (бошқага) зулм қилмаган ва (зарурат) ҳаддидан ошмаган ҳолда (уларни еса), албатта, Раббингиз кечиримли ва раҳмлидир” (Анъом сураси, 145-оят).
Имом Алусий бу оят тўғрисида шундай дейдилар: “Ояти каримада тўнғизнинг бошқа аъзолари ҳам ҳаром бўлсада гўшти зикр қилинишига сабаб, гўшт ҳайвонларнинг энг кўп ейиладиган аъзоси. Қолган аъзолар унга тобедир”.
Тўнғизнинг айни (яъни, ҳамма жойи) нажосат экани Қуръони карим билан собит бўлган. Нажосат ҳаромдир ва ундан четланиш эса вожибдир. Тўнғизнинг ҳам ҳамма нарсаси ҳаром, бундан унинг жуни ва бошқа нарсалари истисно бўлмайди (“Кувайт фиқҳ энцеклопедияси”).
Тўнғиз гўштидан даволанишда ҳам фойдаланиб бўлмайди. Чунки Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васаллам:
إن الله لم يجعل شفاءكم فيما حرم عليكم (اخرجه الامام البخاري عن ابن مسعود رضي الله عنه)
Яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло шифоингизни сизга ўзи ҳаром қилган нарсаларга қўйгани йўқ”, – деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Имом Абу Юсуф ва Ҳасан ибн Али раҳматуллоҳи алайҳимдан “Табиб касалга: “Касалдан тузалишинг учун тўнғиз гўшти ейишинг керак”, – деган бўлса, тўнғиз гўштини ейиш дурустми”, – деб сўралганда: “Йўқ, тўнғиз гўштини ейиш унга ҳалол бўлмайди”, – дейишган (“Баҳрур роиқ” китоби).
Тўнғизнинг терисини ошлаб ҳам ишлатиб бўлмайди. Фуқаҳолар унинг териси ошлаш билан пок бўлмаслигига иттифоқ қилишган ва унинг терисидан фойдаланиш ҳам жоиз эмас. Чунки у айни нажосатдир (“Кувайт фиқҳ энцеклопедияси”).
Тўнғизнинг жуни ҳақида Ҳанафий, Шофеъий ва Ҳанбалий уламолар унинг жуни нажас бўлиб, ундан фойдаланиб бўлмайди, чунки бу айни нажосатдан фойдаланишдир, дейдилар. Шу жумладан, тўнғиз жунидан тайёрланган чўткалардан ҳам фойдаланиш мумкин эмас.
Шариатимиз унинг савдосини ман қилади. Чунки мусулмон киши тўғрисида тўнғиз мол (товар-маҳсулот) ҳисобланмайди. Шунинг учун уни сотиш ҳам, сотиб олиш ҳам мумкин эмаслигига фуқаҳолар ижмо қилишган, якдил фикрга келишган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إِنَّ اللَّهَ تَعَالَى وَرَسُولَهُ حَرَّمَ بَيْعَ الْخَمْرِ وَالْمَيْتَةِ وَالْخِنْزِيرِ وَالْأَصْنَامِ (أخرجه الامام البخاري عن جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ)
яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло ва Расули маст қилувчи ичимлик, ўлимтик, тўнғиз ва бут-санамлар савдосини ҳаром қилди” (Имом Бухорий ривоятлари) (“Кувайт фиқҳ энцеклопедияси”).
Аллоҳ таолонинг бандаларга марҳамати шуки, қайси бир нарсани ҳаром қилса, унинг муқобилига бир қанча ҳалолни қўйган. Масалан, зинони ҳаром қилган бўлса, никоҳни ҳалол қилган, рибони ҳаром қилган бўлса, савдони ҳалол қилган. Худди шундай, ҳаром қилинган озиқ-овқатлар муқобилида кўплаб ҳалол таомлар, ичимликлар борки, уларнинг шукрини қилиб адоғига етиш қийин.
Демак, бугунги тараққий топган дунёда ҳар соҳада ҳалол маҳсулотлар билан эҳтиёжларимизни қондиришимиз мумкин, ҳеч бир йўналишда тўнғиз ва унинг аъзоларидан тайёрланган маҳсулотларга муҳтож бўлиб қолган жойимиз йўқ. Шунинг учун шариатимиз кўрсатмаларига амал қилиб, ҳаром маҳсулотларни истеъмол қилиш ва бошқа кўринишларда фойдаланишдан сақланишимиз лозим. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar