ҚАРЗ БЕРИШ ФАЗИЛАТИ ВА УНИНГ ҲУКМИ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қарз беришнинг савоби жуда улуғ эканлиги ояти карималарда очиқ-ойдин баён қилинган. Албатта бунда қарз берувчи бирор дунёвий манфаатдан тама қилмаслиги шарт. Ажр умидида берилган қарзнинг савоби бир неча баробар кўпайтирилади ва гуноҳлар мағфират қилинади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
إنْ تُقْرِضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا يُضَاعِفْهُ لَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ وَاللَّهُ شَكُورٌ حَلِيمٌ
яъни: “Агар сизлар Аллоҳга «қарзи ҳасана» берсангиз (муҳтожларга эҳсон қилсангиз), У сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва (гуноҳларингизни) мағфират қилур. Аллоҳ миннатдор (оз олиб, кўп берувчи) ва ҳалимдир” (Тағобун сураси, 17-оят).
Ояти каримада “муҳтожларга эҳсон қилиш ва уларга чиройли қарз бериш”ни “Аллоҳ таолога қарз бериш” дейилмоқда. Аллоҳ таоло бандасидан қарздор бўлиб қолмайди, балки бандага янада “яхшироғи”ни беради ва “улуғ ажр” билан мукофотлайди:
وَأَقْرِضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا وَمَا تُقَدِّمُوا لأَنفُسِكُم مِّنْ خَيْرٍ تَجِدُوهُ عِندَ اللَّهِ هُوَ خَيْرًا وَأَعْظَمَ أَجْرًا وَاسْتَغْفِرُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
яъни: “…(мискинларга эҳсон қилиш билан) Аллоҳга «қарзи ҳасана» берингиз! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган яхшиликни (қиёмат куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ мукофот ҳолида топурсиз. Аллоҳдан мағфират сўрангиз! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир” (Муззаммил сураси, 20-оят).
Баъзи уламолар: “Қарз бериш садақадан афзал”, – дейишган, чунки қарзни аксар ҳолатда муҳтож одам сўрайди. Киши қанча қарз берса, ҳар куни ўшанча садақа қилганни савобини олади. Бурайда ибн Ҳусайб ал-Асламий Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:
مَن أنظَر معسرًا فله كل يومٍ مثله صدقةٌ، فقلت: يا رسول الله، سمعتك تقول: مَن أنظر مُعسرًا فله كل يومٍ مثليه صدقةٌ، قال له: كل يومٍ مثله صدقةً قبل أن يحل الدَّين، فإذا حل فأَنظَر فله كل يومٍ مثليه صدقةٌ (رواه الامام احمد)
яъни: “Ким камбағалга (қарз) муддатини узайтирса, ҳар куни берган қарзи миқдорича садақа қилган бўлади”. Мен: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Сизнинг “Ким камбағалга (қарз) муддатини узайтирса, ҳар куни берган қарзининг икки баробарида садақа қилган бўлади”, деганингизни эшитгандим”, – дедим. Шунда У Зот алайҳиссалом: “Дайн (насияга сотилган нарсанинг пулини тўлаш) вақти келгунча – бир баробар. Муддат тўлиб, яна уни узайтирса, қарзнинг икки баробарида садақа қилган бўлади” – дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).
Қарздорга муҳлат бериш ёки қарзни кечиш банданинг авф қилиниши ва Қиёматда гуноҳларидан ўтилишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
كان رجل يداين الناس فكان يقول لفتاه: إذا أتيت معسرا فتجاوز عنه لعل الله أن يتجاوز عنا، قال: فلقي الله فتجاوز عنه (رواه الامام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Бир киши одамларга қарз берар эди ва хизматкорига: “Қарзини узишга қийналган кишининг ёнига (қарзни сўраб борсанг), ундан (қарзини) кечгин, шоядки Аллоҳ ҳам биздан (гуноҳларимизни) кечса”, – дер эди”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “У Аллоҳга йўлиқди ва унинг гуноҳларини кечди”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадиси шарифда қарздорга муҳлат берган ёки қарзни кечган кишини Аллоҳ таоло соя бўлмайдиган кунда, яъни Қиёматда соялантиради:
من أنظر معسرا أو وضع عنه أظله الله في ظله (رواه الامام مسلم عن أبي اليسر رضي الله عنه)
яъни: “Ким камбағалга муҳлат берса ёки қарзни кечса, Аллоҳ уни ўз соясида соялантиради” (Имом Муслим ривояти).
Шариатимизда қарз орқасидан фойда кўриш, берган пулига пул ёки бошқа нарса қўшиб олиш мумкин эмас. Бу рибо ҳисобланади. Мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг таржимаи ҳолларида келтирилишича, у зот рибодан қўрқиб, қарздор кишининг дарахти остида сояланмас эдилар (“Хайротул ҳисан” китоби).
Умуман олганда, қарз бериш мустаҳаб саналади. Шу жиҳатдан сўраган кишига қарз бермаслик гуноҳ саналмайди. Лекин қарз сўровчи музтар (ҳеч нарсаси йўқлигидан ўлар ҳолатга келган) бўлса ва сўралувчи бой бўлса, қарз бериш вожибга айланади. Агар қарз сўровчи пулни ҳаромга ёки макруҳ нарсаларга сарфлаши эҳтимоли катта бўлса, унга қарз бериш ҳолатга қараб ҳаром ёки макруҳ бўлади (“Мавсуъатул фиқҳия ал-кувайтия” китоби).
Шуни яхши билиш керакки, одамлардан қарз олиб, уни тўламасдан (ёки тўлайдиган мол қолдирмасдан) дунёдан ўтиб кетадиганлар Қиёматда бу қарзни савоблари билан тўлаб беради. Чунки у ерда тўлайдиган пул йўқ, савоб эса ҳаммага керак бўлиб турган бўлади. Имкони бўла туриб қарзни чўзишни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “зулм” деб атаганлар:
مَطْلُ الْغَنِيِّ ظُلْمٌ (رواه الامام البخاري عن أَبَي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)
яъни: “Бойнинг (қарзни бермасдан) чўзиб юриши зулмдир” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, муҳтожга қарз беришда катта савоб ва ажрлар бор. Одатдаги шароитда қарз бериш мустаҳаб ҳисобланади. Қарз олган киши эса имкони бўлиши билан қарзни қайтаришга ҳаракат қилиши лозим, акс ҳолда қарз берган кишига зулм қилган бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar